Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлигида Давлат байроғи қабул қилинган кун нишонланди

18 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган кун муносабати билан Инновацион ривожланиш вазирлигида тантанали тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шароф Ражаббоев айни вақтда байроғимиз нафақат Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзи, балки шу юртда туғилиб, унинг меҳрига қониб яшаётган халқнинг тинчлик ва бирдамлик тимсолига, қалбан бирлигини таъминлайдиган, дилларни дилларга улайдиган муҳим воситага айланганини қайд этди.

– Жаҳоннинг қайси мамлакатида бўлманг, ғуруримиз бўлган бу байроқ она юрт нафасини димоққа уради, суюкли Ватанни ёдга солади, – дея даврани очиб берди Ш. Ражаббоев.

Сўнг Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлари доктори Феруза Муҳитдинова сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида нутқ сўзлади.

– Дунёда 250 дан ортиқ мамлакат бўлса, ҳар бирининг мустақил давлат эканлигини англатувчи ўз рамзлари бўлади, –деди Ф. Муҳитдинова. – Ана шундай рамзлардан бири байроқдир. Шунинг учун ҳам байроқда халқнинг тарихига ишора қилувчи, мамлакатда истиқомат қилувчи халқларни жипслаштирувчи мафкура сифатида ранглар танланади. Байроқдаги ҳаво ранг – зангори осмон ва мусаффо сув рамзидир. Мовий ранг Шарқда азалдан қадрланади, Буюк бобомиз Aмир Темур ҳам ўз байроғига бу ранги танлаган.Оқ ранг – тинчлик ва поклик тимсоли бўлиб, Ўзбекистонимиз танлаган йўлнинг мусаффо ва чароғон бўлишига ният қилинган. Қизил йўллар– ҳар бир тирик жоннинг қон томирида уриб турган ҳаётий кучдир. Ҳаёт рамзи яшил ранг - сернеъмат ва оромбахш табиат тимсолидир.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғига бўлган ҳурмат – халққа, Ватанга бўлган эҳтиром белгисидир. Юртимиз байроғи юксакларга кўтарилгани сайин бизнинг келажакка, юртимиз равнақига ишончимиз ҳам ўсиб боради. Эл меҳридан, юрт шаънидан яралган байроғимиз бугунги кунда миллий авиакомпания самолётлари, халқаро йўналишдаги поездларимиз орқали, халқаро майдонда расмий делегацияларимизнинг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференциялар, жаҳон кўргазмалари ва спорт мусобақаларида дунёнинг кўплаб мамлакатларига “парвоз қилиб”, Ўзбекистондай келажаги буюк давлат борлигини жаҳонга намойиш этмоқда.