Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлигида янги турдаги, юқори самарадор қурилиш материаллари кўргазмаси ташкил этилди

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси қошидаги Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгаши ҳамкорликда республикамиздаги қурилиш материаллари соҳасида мавжуд илмий ва инновацион, янги турдаги, юқори самарадор қурилиш материаллари, ишланмалар ва технологиялар кўргазмаси ташкил этилди .

Кўргазмада Қурилиш материаллари соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурида белгиланган илмий-тадқиқот ишлари бўйича умумий қиймати 7,6 млрд. сўмлик 10 та йўналишдаги инновацион лойиҳалар танловида иштирок этаётган олимларнинг ишланмалари намойиш қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгаши тузилган. Илмий-техник кенгаш – қурилиш материаллари саноати йўналиши бўйича уюшманинг илмий-техник сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашадиган, давлат илмий-техник дастурлари доирасида бажариладиган илмий-техник лойиҳаларни баҳолаш, экспертиза қилиш ва мониторингдан ўтказиш билан боғлиқ ишларни амалга оширади. Шунингдек, қурилиш материаллари саноатига инновацияларни жорий қилиш бўйича илғор хорижий тажрибалар ва технологик жараёнларни ҳар томонлама ўрганиб, юқори тижорат салоҳиятига эга ва рўёбга чиқаришга тайёр бўлган истиқболли стартап-лойиҳаларни танлайди ҳамда ҳар томонлама қўллаб- қувватлайди.

Айни пайтда Давлат илмий-техника дастурлари доирасида қурилиш йўналиши бўйича соҳа корхоналари буюртмаси бўйича 7 650,0 млн сўмлик 30 та амалий тадқиқотлар лойиҳалари бажарилмоқда.