Янгиликлар

Илмий-тадқиқот лойиҳалари ва стартаплар қандай молиялаштирилади?

Илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари янада кучайтирилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги қарорида назарда тутилган.

Ҳужжатга кўра илмий-тадқиқот ишлари бўйича давлат буюртмаси, стартап лойиҳаларини танлаш ва молиялаштириш тартиби ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги илмий-техник кенгашлар тўғрисидаги Низомлар тасдиқланди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаларини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъулдир. Фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар шаклида бажариладиган ишларни молиялаштириш йўналиши, предмети ва ҳажмини белгилайди. Лойиҳаларни танлаш танлов асосида ёки танловдан ташқари, муқобил лойиҳа таклифлари бўлмаган тақдирда амалга оширилади.

Танлов эълони Инновацион ривожланиш вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилиб, аризаларни рўйхатга олиш ва тақдим этиш шартлари кўрсатилади. Лойиҳанинг ҳар бир тури (фундаментал, амалий ёки инновацион) аниқ талабларга жавоб бериши керак. Ҳамма учун умумий шарт — илмий жамоанинг ўртача ёши иш бошланган вақтда 45 ёшдан ошмаган бўлиши керак.

Аризаларни қабул қилиш муддатидан 15 кун ичида белгиланган талабларга мувофиқлигини текшириш учун барча тақдим этилган лойиҳалар дастлабки техник экспертизадан ўтказилади. Агар натижалар ижобий бўлса, улар илмий экспертизага юборилади. Уни илмий-техник кенгашлар муайян мезонлар бўйича баҳо бериш йўли билан амалга оширади. Ғолиблар молиялаштириш учун тавсия этилади ва Вазирлик кенгаши бу ҳақида тегишли қарор қабул қилади.

Давлат буюртмаси вазирлик билан лойиҳа бажарувчиси – тегишли ташкилот ўртасида шартнома тузиш йўли билан шакллантирилади.

Стартаплар Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали молиялаштирилади. Вазирлик йилига камида икки марта иштирок этиш шартлари, мавзулар ва лойиҳалар учун муддатлар кўрсатилган ҳолда стартап танловини эълон қилади. Эълон вазирликнинг расмий сайтида ва зарур ҳолларда бошқа оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилади.

Танловда ташкилий-ҳуқуқий шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъий назар барча илмий-тадқиқот муассасалари ва олий ўқув юртлари, тажриба-конструкторлик ташкилотлари, инновация марказлари, шунингдек, хусусий компания ва жисмоний шахслар иштирок этиши мумкин.

Стартап лойиҳалари уч босқичли экспертизадан ўтказилади:

техник – лойиҳаларнинг танлов шартларига жавоб беришини текшириш учун дастлабки босқичда амалга оширилади;

молия-иқтисодий – бунда экспертизадан муваффақиятли ўтган лойиҳаларнинг молиявий ва иқтисодий томондан мукамаллиги текширилади;

илмий-техник кенгаш экспертизаси. Ушбу босқичда Кенгаш илмий даража ёки тадбиркорлик тажрибасига эга икки нафар мустақил экспертни тайинлайди. Улар лойиҳаларни ўрганади ва тасдиқланган мезон ҳамда методология бўйича 100 баллик тизимда баҳолайдилар. Мутахассислар томонидан чиқарилган хулоса Илмий-техник кенгаш томонидан муҳокама қилиш учун очиқдир.

Экспертиза хулоса натижалари Коллегия лойиҳани молиялаштириш бўйича қарор қабул қилиши учун вазирликка юборилади.