Янгиликлар

“ClinicalKey” платформасида энг яхши мақолалар танлови эълон қилинади

Шифокорларимизнинг бугунги кундаги шижоатли меҳнатлари, ўз соғлиқларини хатарга қўйиб ўз бурчларини амалга ошираётганлари таҳсинга сазовор. Тиббиёт соҳасида изланишларни олиб бориш, соҳадаги янгиликлардан мунтазам равишда хабардор бўлиб туриш, ҳамда ўз билимлари билан улашиш бугунги кунда ҳар қачонгидан долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги “Elsevier” компанияси билан ҳамкорликда “ClinicalKey” платформаси фойдаланувчилари учун энг яхши мақолалар танловини эълон қилади. Ҳозирда вазирликнинг мазкур компания билан имзолаган шартнома доирасида 3 000 нафар шифокор мутахассисларга Elsevier компаниясининг Clinicalkey платформасидан 2020 йил давомида бепул фойдаланиш имконияти яратилган. Ушбу дастурдан фойдаланаётган шифокорлар, тадқиқотчилар 600 дан ортиқ тиббий журналлар базаси, 22000 тадан зиёд видеолар, 2500000 тасвирлар, турли хил клиник тадқиқотлар, 4500 тадан зиёд клиник протоколлар, 350 дан ошиқ муолажаларни ўз ичига олган мазкур платформадан тиббиётдаги мавжуд муаммоларнинг ечимини излаб топиш, тўлиқ ва тезкор кўринишдаги маълумотларни ўзларига сақлаб олиш имкониятларидан фойдаланмоқдалар.

Дастур даволаш ва диагностика стандартларини янгилаш, клиник протоколларни жорий этиш, далилларга асосланган тиббиёт тамойилларини амалиётга кенг жорий этиш, микрохирургия, робот хирургияси, нуклеар тиббиёт, тиббий генетика соҳаларида жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқлари тўғрисидаги маълумотларни ҳам ўзида жамлаган.

Мақолада ClinicalKey платформасидан муваффақиятли фойдаланган ҳолда реал беморни даволаш ҳолати ёки тадқиқот натижаси, илмий ишда ClinicalKey платформасидан фойдаланиш ҳолати ёки унинг ёрдамида таълим бериш жараёнлари тасвирланиши керак.

Мақолада қуйидаги жиҳатларга эътибор қилиш тавсия этилади:

- ClinicalKey платформасидан фойдаланилганда эришилган натижалар (кўпи билан 4та муҳим жиҳат),мисоллар билан;

- Касалликнинг ҳолати ва аломатларини, мавжуд муаммоларни баён этинг;

- Қандай қилиб ClinicalKey платформасидан мазкур реал ҳолатни аниқлаш/диагноз қилишда фойдаланилди;

- Тўлиқ гаплар билан фикрингизни баён қилинг.

- Фотосуратларни ҳам тақдим этиш мумкин, аммо бунда суратдаги инсоннинг шахсини аниқлаш имкони бўлмаслиги керак.

Мақолани қуйидаги электрон почта манзилларига юбориш мумкин:

Татьяна Сафонова, t.safonova@elsevier.com

Диёра Мамаева, dkmamaeva@gmail.com

Биринчи ғолиб март ойида аниқланади ва танлов ҳар ой давом этади.

2020 йилнинг декабрь ойида йил якуни бўйича бош ғолиб эълон қилиниб, махсус совға билан тақдирланади.