Янгиликлар

Ветеринария атамаларининг электрон изоҳли луғати яратилади

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган фундаментал, амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион лойиҳаларни шакллантириш, бажариш ва молиялаштириш тартибини тушунтириш мақсадида олимлар билан мунтазам равишда жойларда семинар ўтказиб келинмоқда.

Шундай семинар 2020 йил 10 март куни Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасида ўтказилди. Семинарда қўмита тасарруфидаги ҳудудий бошқарма бошлиқлари, “Ўзбекчорванасл“ агентлиги, Ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласи назорати бўйича Давлат илмий маркази, Ветеринария илмий-тадқиқот институти ходимлари, олимлари, мутахассислари иштирок этдилар.

Семинарда 2020 йил 9 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 133-сон Қарорининг мазмун моҳияти билан иштирокчилар таништирилди. Маълумки, мазкур қарорга биноан “Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси тўғрисидаги низом”, “Стартап” лойиҳаларни танлаб олиш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом”, “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгашлар тўғрисидаги низом” тасдиқланди.

Иштирокчиларга вазирлик томонидан ветеринария соҳаси бўйича эълон қилинаётган амалий, инновацион, ҳудудий долзарб тематик мавзулар, ташаббускор ва стартап лойиҳалар танловлари ҳақида гапирилиб, ушбу танловларга топширилаётган лойиҳаларнинг тайёрланиши, савияси, салоҳияти, якуний натижалари ҳақида тушунтириш берилди, хато ва камчиликлари кўрсатиб берилди. Лойиҳаларни расмийлаштириш жараёнида асосан эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳатлар ҳақида алоҳида тўхтаб ўтилди ва мисоллар ёрдамида тушунтирилди.

Семинар жараёнида соҳанинг илмий ечимини кутаётган долзарб масалалар муҳокама қилиниб, тематик лойиҳалар танлови учун мавзулар шакллантирилди. Масалан, бугунги кунгача ветеринария соҳасида атамаларнинг изоҳли луғати мавжуд бўлмагани сабабли кўплаб муаммоларга дуч келинаётганлигини эътиборга олиб, соҳа олимлари тилшунослар билан ҳамкорликда “Ветеринария соҳаси атамаларининг электрон интеграцион изоҳли луғати” мавзусида инновацион лойиҳа тайёрлашга келишиб олинди.

Шунингдек, эпизоотик мониторингни амалга ошириш, ҳайвонлар касалликларининг пайдо бўлиши ва уларнинг нобуд бўлиши сабабларини таҳлил қилади, ушбу касалликлар профилактикаси ҳамда уларни даволаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ва бериш бўйича электрон платформа яратиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ҳайвонларнинг юқумли касалликларини қўзғатувчилар олиб кирилишидан муҳофаза қилиш, шунингдек ҳайвонлар, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашё, ветеринария дори воситалари, озуқалар ва озуқабоп қўшимчаларни тайёрлаш, олиб ўтиш (ташиш), экспорт ва импорт қилиш бўйича давлат ветеринария назоратини амалга оширувчи электрон порталини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Бу соғлиқни сақлаш органлари ва бошқа органлар билан биргаликда ҳайвонлар ва одам учун хавфли бўлган юқумли касалликлар ўчоқларини тугатишга хизмат қилади. Ўзаро ахборот алмашишни амалга оширишнинг электрон порталини яратиш соҳадаги мураккабликларни ҳал қилишда амалий қадам бўлиши алоҳида таъкидланди.