Янгиликлар

Springer Nature маҳаллий олимлар учун вебинарлар ўтказмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлиги билан яқин ҳамкорликда Springer Nature ўзбек олимларига журнал ва тадқиқот протоколлари базасига киришни таъминлади. 100 та ташкилот 2020 йилнинг январь—декабрь ойларида бу ресурслардан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўқув-семинарлари ўтказилди, бироқ коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли вебинарлар ўтказишга қарор қилинди ва эндиликда дунёда эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар онлайн семинарлар ўтказилади.

Вебинарда қатнашиш учун рўйхатдан ўтиш шарт эмас. Ундан ташқари вебинарлар видеосини расмий Телеграм-каналимизда жойлаштириб борамиз. таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 24 ва 25 март кунлари бўлиб ўтган вебинарларни 100 нафардан зиёд иштирокчилар тинглади. Март охиригача бўладиган вебинарлар жадвали мақола сўнгида ҳавола этилади.

Эслатиб ўтамиз, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида Ўзбекистонда илмий ташкилотлар Springer Nature нашриётининг илмий ресурсларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Бу эса ўз навбатида уларнинг нашр фаолиятига ижобий таъсир қилади.

Тингловчилардан:

Марат Рахматуллаев, Тошкент ахборот технологиялари университети профессори: “Вебинарлар, биринчи навбатда, ёш олимлар ва докторантлар учун муҳим аҳамиятга касб этади. Улар илмий муҳитда ахборот манбаларини тўғри танлай олиш учун бебаҳо билимларга эга бўлдилар. Умид қиламанки, яқин келажакда университетларимизнинг нашр фаолияти илмий журналларнинг маълумотлар базаларига кириш ва уларда илмий мақолаларни тақдим этиш усуллари ва техникаси туфайли сезиларли даражада ошади”.

Одилжон Хамидов , Термез давлат университети: “Вебинарда иштирок этиш натижасида Springer платформасида археология фанига оид журналлар ҳақида маълумот топишни ўргандим. Бундай вебинарлар амалий аҳамиятга эга бўлиб, тадқиқотчининг малакасини оширади. Катта раҳмат!”.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Springer Nature Ресурсларини ишлатиш бўйича маълумотларни тезкор алмашиш мақсадида яратилган гуруҳга қўшилинг ва ҳамкасбларингизни ҳам таклиф қилинг.