Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимларининг фарзандлари вазирдан мактуб олдилар

Бугунги кунда ёшлар – ўқувчилар, талабалар уйларида қолиб, китоб ўқиш, ўз устида ишлаш, расм чизиш, мусиқа билан шуғулланиш, ҳаётда ўз олдига қўйган мақсад ва ниятларини таҳлил қилиш каби ишлар билан шуғулланишларига, ота-оналар фарзандлари билан яқиндан мулоқот қилишлари имконият туғилди.

Интернет даврида масофавий таълим олиш, телевидение орқали намойиш этилаётган дарсларни томоша қилиш албатта шарт ва лозим. Шу билан бир қаторда ёзма нутқни ривожлантириш билим олишдаги муҳим қадамлардан биридир. Айнан ёзаётганда инсоннинг диққати бир жойга тўпланади, хотираси мустаҳкамланади, мия фаолияти активлашади. Узоқ йиллар давомида айнан хат алмашинуви энг кенг тарқалган алоқа воситаси бўлган. Мактуб битиш ҳам бир санъат турига айланган, зиёли одамнинг чиройли хат бита олиши оддий ҳолат саналган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги минг йиллар давомида шаклланиб келган хат ёзиш анъанасини айнан шу кунларда – коронавирус туфайли кўпчилик уйидан чиқмасликка мажбур бўлган кунлари тиклашга жазм этди. Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов вазирлик ходимларининг 7 ёшдан 21 ёшгача бўлган фарзандларига мактуб йўллади. Ўқувчи ва талаба ёшлар хатларни ҳайрат ва қувонч билан қабул қилдилар. Ахир ҳар кун ҳам вазирдан хат келавермайди-да!

“Мен ҳам бир пайтлари сизга ўхшаб дарс қилардим, журналлар, китоблар ўқирдим. Биология фанини яхши кўрганим учун катта синфларда биология бўйича аввал мактаб, кейин туман, вилоят, республика олимпиадаларида қатнашганман ва ғолиб бўлганман. Институтга кирганимдан кейин “Умид” жамғармаси томонидан ташкил этилган танловдан муваффақиятли ўтиб, Америка Қўшма Штатларида ўқиганман. У ерда ўсимликлар генетикаси бўйича билимларимни ошириб, ҳали дунёда бўлмаган ихтиро қилганман – ген-нокаут усули билан узун, ингичка толали пахта навини яратганман. Мана шу ихтиром жаҳон илмий ҳамжамияти томонидан илиқ кутиб олингани боис Жаҳон Фанлар академияси академиги деган юксак унвонга ҳам муяссар бўлганман.

Муваффақиятга эришишнинг йўли қандай биласизми? Олдингизга мақсад қўйинг! Мен уни албатта уддалайман, денг! Бунга ишонинг! Ва сиз, албатта, уддалайсиз! Негаки, сизнинг томирларингизда Ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Беруний каби буюк аждодларимизнинг қони оқади. Сиз дунёдаги энг иқтидорли, инсонпарвар ва меҳнаткаш халқ фарзандисиз. Мана шу халқни янада буюк бўлиши учун, юртимиз бой, аҳолимиз тўкин яшаши учун ҳисса қўшиш мақсадида ўз устингизда тинимсиз меҳнат қилишингиз керак. Сизнинг бугунги кундаги энг катта ишингиз бу – ўқиш. Унутманг, келажакни ақлли, билимли одамлар қуради“, деб ёзилган мактублардан бирида.

Мактубни ўқиб чиқиб, ёшлар энди вазирга жавоб ёзмоқдалар. Илк жавоб хатлари вазирликка етиб ҳам келди. Қизиғи, хатга айрим болалар инглиз тилида ҳам жавоблар қайтаришган. Вазир ва болалар ўртасидаги мулоқот ёшларни илм-фанга, янги технологияларга қизиқишини ошириш билан бир қаторда, уларнинг хат ёзиш одоби, тартиб-қоидаларини ўрганишига, фикрларини ёзма баён қилиш кўникмаларини ривожлантиришга олиб келади.