Янгиликлар

Инновация вазирлиги ва Springer Nature вебинарлар ўтказмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда Springer Nature компанияси томонидан тадқиқотчилар, олимлар, докторантлар ва талабалар учун онлайн семинарлар ўтказиш йўлга қўйилди. Барча хоҳловчилар рўйхатдан ўтиб, уларда иштирок этиши мумкин.

Асосий талаб Интернет ва компьютер ёки телефонга эга бўлишдир. Хусусан “ link.springer.com да ўз илмий тадқиқотларини ўтказиш учун мақолалар танлаш“ мавзусида онлайн семинар 20 март куни бўлиб ўтди. 12.00-13.00 ва 15.00-16.00 да ўтказилган сессияларда 38 киши иштирок этди. Вебинарлар Springer Nature Марказий Осиёдаги вакили Ирина Александрова томонидан олиб борилмоқда.

Рўйхатдан ўтиш учун вебинар бўладиган куни Инновацион риволжланиш вазирлигининг расмий телеграм-каналида эълон қилинадиган линк орқали ўтиш керак бўлади.

Март ойида бўлиб ўтадиган вебинарлар саналари ва вақти:

24 март (12.00-13.00 ва 15.00-16.00) – “Scopus ва WebofScience да индексацияланадиган журналларни танлаш”.

25 март (12.00-13.00 ва 15.00-16.00) – “Springer Nature journal suggester ёрдамида мақолангиз учун журнал танлаш https://journalsuggester.springer.com/”.

26 март (12.00-13.00 ва 15.00-16.00) – “Хорижий рейтингли журналга мақола бериш: умумий талаблар ва тавсиялар”.

27 март (12.00-13.00 ва 15.00-16.00) – “link.springer.com да илмий тадқиқотларнинг Протоколларини тўплаш”.

31 март (12.00-13.00 ва 15.00-16.00) – “Springer Nature нашриётига монография тайёрлаш ва топшириш”.

Илк вебинарлар иштирокчиларидан:

Запевалова Анастасия Николаевна, Тошкент тиббиёт академияси талабаси: “Мавзу жуда осон тилда тушунтирилди. Алоқа учун дастур ўрнатиш қийинчилик туғдирмади. Ирина Александровага мавзуни кенг ёритгани, фойдали ва статистик маълумотлар ва ҳаволаларни келтиргани учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Энг муҳими, бизни илм-фан йўлида янада олға ҳаракат қилишимизга қизиқтира олди”.

Ким Вероника Олеговна, Самарқанд Давлат тиббиёт институти: “Вебинар мен учун жуда фойдали ва самарали бўлди. Семинар онлайн тарзда ўтказилгани менга жуда ёқди, уйдан чиқмасдан, ҳаражат қилмасдан ўзим учун жуда керакли маълумотларни олдим. Ташкилотчиларга катта раҳмат!”.

Раимқулова Дурдона, Тошкент тиббиёт академияси: “Вебинарда иштирок этганимдан жуда мамнунман! Ташкилий ишлар аъло даражада. Тақдим этилган маълумот жуда тушунарли тарзда намойиш этилди. Ўзим учун кўп янгиликларни билиб олдим. Фойдали маслаҳатлардан ташқари илмий соҳада ўз устимда ишлаш учун мотивация олдим. Кейинги вебинарларни сабрсизлик билан кутаман!”.

Бўлиб ўтган вебинарлар видеоси вазирликнинг расмий телеграм-саҳифасида эълон қилиб борилади.