Янгиликлар

Математика илм-фанини ривожлантириш тўғрисидаги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди

Ўзбекистон Республикасида математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилишни қўллаб-қувватлашни кўзда тутган Президент қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан муҳокамага қўйилди.

Ҳужжатга кўра Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳар йилги ўтказиладиган халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида мактабгача таълим тизимида илғор технологиялар, ўқув қуроллари ва таълим жараёнида фойдаланадиган ўйин ва ўйинчоқлар учун алоҳида майдонча ташкил этилишини таъминланади.

Қарорда шунингдек Математика фанидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизими жорий қилиниши кўзда тутилган.

Математика фани бўйича билимларининг мувофиқлиги сертификатининг тегишли даражасига эга ўқитувчиларга улар фаолият олиб бораётган таълим муассасасининг жойлашувига қараб базавий тариф ставкасига нисбатан 25 фоиздан 50 фоизгача ҳар ойлик устама ҳақ белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Миллий сертификатлаш тизимининг онлайн платформасини жорий этиш бўйича инновацион лойиҳага илмий фаолиятга доир давлат дастурига ажратилган маблағлар ҳисобидан зарур маблағлар ажратилиши таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Инновацион ривожланиш вазирликларининг Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Актуар ва молиявий математика” магистратура мутахассислигини очиш бўйича таклифларига розилик берилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Фанлар академиясининг Институт ҳузурида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳолда математика фанларининг барча ихтисосликлари бўйича фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражасини берувчи илмий кенгаш ташкил этиш ва унга тўлиқ мустақиллик бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фанлар академиясининг математикаси соҳасидаги илмий изланишлари натижаларига кўра амалиётдаги муайян муаммонинг ечимини таклиф этган олимларни мукофотлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилади.

Мукофот билан Ўзбекистон Республикаси ва чет эл фуқаролари тақдирланади. Мукофот билан тақдирлаш бўйича ҳаражатлар бир марталик тўлов шаклида 100 минг АҚШ доллари миқдорида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.