Янгиликлар

Онадан илк бор кечирим сўраган аскар ёхуд ҳамкорликдаги янги лойиҳа

Шундай машғулотлар борки, улар асрлар давомида кўнгилларга завқ бағишлаб, инсониятнинг маънавий камолоти, эстетик тафаккури ривожида муҳим ўрин тутиб келган. Китоб ўқиш, амалий санъат билан шуғулланиш кабилар шулар жумласига киради. Мактуб ёзиш ҳам минг йиллардан бери аждодларимиздан қолган маънавий қадриятлардан бири. Ҳали-ҳануз тарихда яшаб ўтган шоир ва ёзувчилар, олимларнинг битган мактубларини ўқиб, ўзимиз учун кўп нарсаларни кашф қиламиз. Чунки уларда ўша шахснинг ички кечинмалари, ижтимоий-сиёсий, фалсафий қарашлари акс этади. Бугун ахборот технологиялари юқори суръатда ривожланган асримизда инсоният бир-бири билан маълумот алмашишнинг жуда кўплаб воситаларини яратган. Амммо барибир хат ёзишнинг аҳамиятини бошқалари билан қиёслаб бўлмайди.
Жорий йил 10 январь куни Давлатимиз раҳбари Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида Қуролли Кучларимиз энг замонавий қурол-аслаҳа, ҳарбий техникалар билан таъминланган бўлса-да, лекин ҳарбий хизматчилар маънавий, ахлоқий-руҳий жиҳатдан яхши шаклланмаган бўлса, бу тузатиб бўлмас хатоларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб кўплаб мутасадди вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди ва айни йўналишда муайян ишлар олиб борилмоқда.
“Мен онамга хат ёзганимда биринчи марта ундан кечирим сўрадим. Жуда эрка бола бўлганман. Ҳарбий хизматга келиб ота-онанинг қадрига етишни ўргандим”.
Чирчиқ олий танк қўмондон-муҳандислик билим юртида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган йигитнинг ушбу сўзларини эшитиб кўпчилик қалбида титроқ туйган бўлса, ажаб эмас. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда амалга ошираётган “Аскарга мактуб” номли янги лойиҳасида яна кўплаб юртимиз ўғлонларининг ана шундай дил изҳорларини тингладик.
– Ёшлигимда қариндошларим, қўшнилар мени тез-тез уйига чақирарди. Эсимда бор, онахонлар, бувижонларнинг ҳарбий хизматда юрган ўғилларига хатлар ёзиб ёки ўқиб берар эдим. Ўша мактубларни бир оила, бир уй одам ҳаяжон билан тингларди. Йигитларнинг хатларида уларнинг оиласига, ўз элу юртига бўлган муҳаббати, ҳарбий ҳаёт таассуротлари акс этарди, – дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги Илмий котиби Ноиба Мамадалиева. – Ўйлайманки ушбу лойиҳамиз нафақат Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўтаётган азамат ўғлонларимиз, балки уларнинг яқинлари, таълим муассасаларидаги ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, келажакда уларнинг комил инсон бўлиб етишишларида яна бир қадам бўлади.
Тадбирда аскарлар қалбида кечаётган туйғуларни, орзу-истакларини яқинларига мактублар орқали йўллашди. Албатта, турли ўй-хаёлларга берилиб хат ёзаётган ёшлар эзгу ҳислар, фикрлар оғушида қолгани тайин. Кўзланган мақсадлардан бир ҳам шу, аслида. Лойиҳанинг яна бир аҳамиятли томони, йигитларнинг мактубларини ташкилотчилар ўзи уларнинг уйларига олиб боришади.

– Телефон қўнғироқлари, интернет орқали инсон кўнглидаги борини тўкиб солиши қийин. Онанг, отанг ёки бошқа яқининг билан тўғридан-тўғри овозини эшитиб мулоқот қилганингда бу мушкул кечади. Хат ёзиш эса бутунлай бошқа нарса. Бунда одамнинг юрагидан чиққан сўзлар ва олдингда фақат қоғоз-қалам бўлади, холос, – дейди Қашқадарё вилояти, Касби тумани, Қатағон қишлоғидан келиб муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган Аброр Очилов.
Амалга оширилган лойиҳа давомида Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг мутахассислари аскарлар билан самимий суҳбат қуришди. Қалби юрт ишқи билан тўлган ўғлонлар келгувчиларга ўз миннатдорлигини гўзал шеърлар, куй-қўшиқлар орқали изҳор қилишди.
Келгусида ҳамкорликдаги мазкур лойиҳани кенг жамоатчилик, ёшлар иштирокида ўтказиш режалаштирилган.

Бобур ЭСОНОВ