Янгиликлар

ИЖТИМОИЙ ОБЪЕКТЛАРГА НОМ БЕРИШ – ШАХСИЙ ИШ ЭМАС

 

Ишлаб чиқариш, савдо объектлари, маҳсулотлар, унинг брендига ном қўйиш жараёнини енгиллаштириш, хал¬қимизнинг миллий анъаналари ва менталитетига ёт бўлган тўқима номларнинг олдини олиш, янги номларнинг ўзбек адабий тили меъёрларига мос бўлишини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъекти билан шуғулланувчи оммани ном яратиш технологияси асосларидан хабардор қилиш, уларга услубий кўрсатмалар бериш, савдо брендлари номларининг захирасини яратиш муҳим вазифалардан биридир. Айни пайтда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиб бораётганлигини ҳисобга олсак, бир-бирини такрорламайдиган, янги номларни топиш ҳам осон эмас, албатта. Бунинг учун эса компания, фирма, бренд ҳамда ишлаб чиқариш, савдо объектлари, маҳсулотларга ном қўйиш жараёнини енгиллаштириш, хал-қимизнинг миллий анъаналари ва менталитетига ёт номлар берилишининг олдини олиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”ги қонунига мос бўлишини таъминлаш мақсадида ном яратиш бўйича услубий кўрсатмалар, номлар захирасини яратиш иши йўлга қўйилиши лозим.


Мазкур муаммонинг ечими амалда қўлланилаётган ишлаб чиқариш, савдо объекти, маҳсулот номларини тартибга солишга ёрдам беради, янги ишлаб чиқариш маҳсулотларига ном бериш жараёнида тил меъёрларининг бузилишининг олдини олишга хизмат қилади. Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида Инновацияларни ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкент давлат ўзбек тили ва ва адабиёти университетида А-ОТ-2019-10 рақамли “Ўзбек тилида нейминг: меъёрий-ҳуқуқий асосларини яратиш” амалий лойиҳаси иш бошлади.


Ушбу лойиҳанинг мақсади:
– савдо объектлари, маҳсулотлар, уларнинг бренди номлари тўплаш, статистик ва лингвистик жиҳатдан таҳлил қилиш ва ўзбек тилида ном яратишнинг меъёрий асосларини ишлаб чиқиш;


– ўзбек тилида ишлаб чиқариш, савдо объектлари, маҳсулотлар, уларнинг бренди номларини тартибга солиш, ўзбек тилида ном яратиш технологиясининг миллий ва умуминсоний жиҳатларини асослаш;


– ўзбек халқининг миллий-маданий қарашлари, менталитети ҳамда ўзбек адабий тили меъёрларига асосланган ном яратишнинг электрон дастурий таъминотини яратиш;


– ном яратиш билан боғлиқ тавсиялар ишлаб чиқиш, услубий кўрсатмалар чоп этиш;


– муайян ҳудуддаги ишлаб чиқариш, савдо объектлари ёки маҳсулот, унинг бренди кабиларга қўйилган номларни ўрганиш, лингвистик ва статистик таҳлил қилиш, улар ҳақида танқидий ва таҳлилий маълумот тайёрлаш ва шу асосда “Ҳудудий номлар кўрсаткичи”ни тайёрлаш кабилардан иборат.


Мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида «Ўзбекча ном яратиш” лабораторияси ташкил этилди, ўзбек тилида мавзуий номлар базасини шакллантириш бўйича ташкилий ишлар йўлга қўйилди. Жумладан, интернет тармоғида uz.nom.uz сайти яратилди ва “Ўзбекча номлаш хизмати” ташкил этилди. Албатта, бу соҳадаги ишларни янада такомиллаштириш, тадбиркор халқимиз учун миллий тилимизда ном яратиш ишига ҳисса қўшишимиз лозим.
Зеро, миллий ғуруримиз бўлган она тилимиз қонун-қоидалари ва меъёрларига мос ҳолда тўғри ном яратишга ҳар бир юртдошимиз ўзини масъул деб билса, номлар юртимизда барпо этилаётган ободликка янада ярашиқли бўлади. Бу ўз ишлаб чиқаришини йўлга қўяётган миллатдошларимиз учун ҳаётий зарурат, ижтимоий бурчдир.