Янгиликлар

“Аскарга мактуб” лойиҳасига старт берилди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббусига кўра 18 март куни Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда “Аскарга мактуб” пилот лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Чирчиқ олий танк қўмондон-муҳандислик билим юрти муддатли хизматчилари билан “Аскарга мактуб” пилот лойиҳасига старт берилди.

“Аскарга мактуб” лойиҳаси Ўзбекистон ёш фуқароларида фаол ҳаётий позицияни шакллантириш, уларда Ватанга муҳаббат, унинг тарихий меросига ҳурмат, миллат манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг хавфсизлигига ғамхўрлик қилиш каби маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш ва ривожлантириш, шунингдек, ёшларда ҳарбий хизматни ўташ борасида ижобий фикрни уйғотишга қаратилган.

— Ватанпарварлик фазилатларини шакллантириш мақсадида ёшлар ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик таълимининг янги, ностандарт усуллари пайдо бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш лойиҳанинг вазифаларидан саналади, — деди Инновацион ривожланиш вазирлиги Илмий котиби Ноибахон Мамадалиева. — Шунингдек,ҳарбий касблар нуфузини ошириш, акция иштирокчиларининг ижодий қобилиятларини ошкор қилишга қаратилган мазкур лойиҳа ёшларда Ватанга хизмат қилаётган ҳарбийларни иззат-ҳурмат қилишга чорлайди.

Ушбу лойиҳада мактаб ўқувчилари, ўқитувчилар ва муддатли хизматга чақирилган солдатлар иштирок этиши кутилмоқда. Йўқолиб бораётган хат ёзиш маданиятини қайта тиклаш, уни ривожлантириш орқали ёшлар ижодий фикрлашга ўрганади, уларнинг ватанпарварлик туйғуси кучаяди, фуқаролик бурчи тушунчаси шаклланади. Лойиҳа Ўзбекистоннинг исталган шаҳри ва муассасасида амалга оширилиши мумкин.

Унда яқинлари миллий армияда хизмат қилаётган ёшлар — мактаб ўқувчилари, талабалар, шунингдек, таълим муассасалари ва ҳарбий қисмлардаги таълим жараёни иштирокчилари — ўқитувчилар, ҳарбий инструкторлар, психологлар, аскар ва офицерлар иштирок этадилар. “Аскарга мактуб” акцияси доирасида мактублар нафақат ҳарбий хизматга чақирилган аскарларга, уруш ва меҳнат фахрийларига ҳам юборилиши мумкин.

Шуниси эътиборга лойиқки, ёшларнинг ҳарбий хизматда бўлган қариндошлари бўлмаса, бундай хатларни ўз дўстларига ёки оммавий манзилга — взвод, рота ва бошқа ҳарбий бўлинмаларга ёзишлари мумкин. Энг муҳими, Ватанга ватанпарварлик бурчини бажарадиган ва “Ватанни ҳимоя қилиш” деб номланган касбга бўлган муносабатини билдиришдир.

Ёшлар мактуб ёзаркан, оила аъзолари ва яқинларидан, ҳатто бегоналардан келган мактублар ҳарбий хизмат машаққатларини бошидан кечираётган аскарларнинг қалбларини иситишини англаб етадилар. Лойиҳа доирасида муддатли ҳарбий хизматчилар ўртасида уч босқичли танлов эълон қилиниб, танлов ғолиблари Инновацион ривожланиш ва Мудофаа вазирликлари томонидан тақдирланиб борилади.