Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги республикамизда COVID-19 коронавирусга қарши самарали курашиш, касалликнинг республикамиз ҳудудига кириб келишини олдини олиш мақсадида танлов эълон қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (WHO) томонидан 2019 йилнинг 31 декабрь куни Хитойнинг Ухан шаҳрида номаълум пневмония эпидемияси юзага келганлиги маълум қилинди. Хитойлик мутахассислар касаллик қўзғатувчиси COVID-19 коронавируси эканини аниқлашди. 2020 йилнинг 10 март ҳолатига кўра, касаллик жаҳоннинг 115 та мамлакатида қайд этилиб, дунё аҳолисидан 115825 киши касаллик юқтиргани, 4087 киши эса коронавирусдан вафот этганлиги қайд этилди.

Юқоридаги ҳолат республикамизда коронавирусли инфекциялар патогенезини чуқур таҳлил қилиш асосида уларни даволаш технологияларини яратиш ҳамда коронавирус штаммларини аниқлаш учун молекуляр-генетик диагностикумлар яратишга эҳтиёжни юзага келтирмоқда.

Ҳозирда жаҳон бўйлаб тарқалаётган коронавирус инфекциясининг (COVID-19) Ўзбекистонга кириб келмаслигини таъминлаш аввало мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизими, профилактика ишларини янада юқори даражага кўтаришни тақозо этади.

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорида белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилади.

Илмий лойиҳаларга давлат буюртмаси доирасида амалга ошириладиган амалий лойиҳалар мавзулари:

“Коронавирусли инфекциялар патогенезини чуқур таҳлили асосида уларга қарши кураш ва даволаш технологиясини яратиш” бўйича бажарилиши икки йилга мўлжалланган амалий лойиҳа (умумий молиялаштириш ҳажми – 2,0 млрд сўм);

“COVID-19 коронавирус штаммларини аниқлаш учун молекуляр-генетик диагностикум яратиш” бўйича бажарилиши бир йилга мўлжалланган амалий лойиҳа (умумий молиялаштириш ҳажми – 1,5 млрд сўм).

Тафсилотлар билан танишиш учун ҳавола орқали ўтинг.