Янгиликлар

Хоразм қовунчилик анъаналарининг илмий асоси яратилмоқда  

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Урганч Давлат Университети қошидаги “Қовунчилик” бўлими фаолияти билан танишди. Қовунчилик бўлими бошлиғи Санжарбек Садуллаев ташриф буюрганларга бўлим илмий ходимлари томонидан амалга оширилаётган илмий янгиликлар тўғрисида маълумотлар берди.

2017 йил Урганч Давлат университетида “Қовунчилик” бўлимини ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда Урганч Давлат университети ўқув тажриба хўжалигида 7 гектар ер майдони илмий-тадқиқот олиб бориш учун ажратилган. Унда асосан қовун навларининг уруғчилиги ва етиштириш агротехнологияси, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш ҳамда қовун маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш секторлари фаолият кўрсатмоқда.

Бўлимнинг асосий мақсади республикамизда қовунчиликни ривожлантириш, йўқолиб бораётган қовун навларининг агротехнологиясини ўрганиш ва ишлаб чиқаришга татбиқ этишдир. Шунингдек, қовунчилик борасидаги илмий тадқиқот ишларини жадаллаштириш, деҳқон ва фермерлар учун илмий асосланган тавсияномалар ишлаб чиқиш, университетда таҳсил олаётган талабаларни назарий олган билимларини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув дала амалиётларини ташкил қилишдан иборат.

Айни пайтда бўлимда битта докторант ва 6 та илмий ходим фаолият олиб бормоқда.Жамоа Хоразм қовунларининг қадимий навларини қайта тиклаш, серҳосил ва экспортбоп навларни танлаб олиш, бирламчи уруғларни тўплаш, қовун навларини турли табиий шароитларда етиштиришнинг илмий асосини яратиш устида иш олиб бормоқда. Қовун касалликлари ва зараркунандаларига кимёвий ва биологик кураш чораларини қўллаб, экологик тоза маҳсулот етиштириш бўйича изланишлар ўтказилмоқда. Бундан ташқари, қовунни қайта ишлаб, жем, шарбат, мураббо, қоқи маҳсулотлари тайёрланмоқда. Шунингдек, катта ҳажмли музлаткич ва омборхоналарда кеч пишар қовун навларини сақлаш яхши йўлга қўйилган.

Учрашув натижаларига кўра Инновацион ривожланиш вазирлиги Хоразм вилояти тупроқ-иқлим шароитига мос, серҳосил, экспортбоп маҳаллий қовун навларини тиклаш, уларнинг бирламчи уруғчилигини ривожлантиришга қаратилган инновацион лойиҳа ишлаб чиқиш таклифини берди.