Янгиликлар

Урганч туманида уруғлик сифатини таҳлил қилувчи лаборатория ташкил этилади

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Хоразм вилоятининг Урганч туманида жойлашган “Kiva Sesame” ўзбек-турк қўшма корхонасига ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. “Kiva Sesame” ўзбек-турк қўшма корхонаси мойли экинлар (кунжут, ер ёнғоқ, седана ва зиғир) экишдан то тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни амалга оширувчи корхона бўлиб, 500 гектар ер майдонига эга.

Ҳозирги кунда Хоразм воҳаси шароитига мос, мойли экинларнинг серҳосил, мойдорлиги юқори, экспортбоп навлари ва уруғчилиги мавжуд эмас. “Kiva Sesame” ўзбек-турк қўшма корхонаси кунжутнинг маҳаллий экстремал шароитига мос, экспортбоп янги навларини яратиш билан шуғулланмоқда. Ўз навбатида экин етиштиришнинг ресурстежамкор, механизациялашган инновацион технологияларини жорий этмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ўз навбатида мазкур корхона базасида мойли экин уруғликларининг сифати кўрсаткичларини ва маҳсулотнинг биокимёвий таркибини таҳлил қилиш лабораториясини ташкил этишга кўмак беради. Бу импорт ўрнини босувчи тахини, кунжутли ҳолва, паста ва ўсимлик ёғини замонавий ускуналарда жаҳон талаблари асосида ишлаб чиқаришни кенгайтириш имконини яратади. Шунингдек, мойли экинларнинг иккиламчи маҳсулотларидан чорвачилик учун протеинга бой озуқа маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Корхона йилига 10 тонна мойли экинлар – кунжут, ер ёнғоқ, махсар, зиғир ва седананинг юқори репродукцияли уруғлиги етиштиришни режалаштирган. Бунинг натижасида мойли экинларнинг сара уруғликлари хорижий давлатларга экспорт қилинади. Тайёр маҳсулотларнинг йиллик экспорти 5 млн. АҚШ долларига етказилиш кўзда тутилган.

Учрашув натижаларига кўра Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда корхона ходимларининг малакасини ошириш бўйича тадбирлар ўтказилишига келишилди.