Янгиликлар

Биотехнологияларни ривожлантириш ва био-хавфсизлик тизимини шакллантириш тўғрисидаги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди  

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида биотехнологияларни ривожлантириш ва био-хавфсизлик тизимини шакллантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали regulation.gov.uz га жойлаштирилди (https://regulation.gov.uz/uz/document/15603).

Мутахассисларнинг баҳолашига кўра, жаҳон биотехнология бозори 2025 йилда 2 триллион АҚШ доллари даражасига етиши, мазкур бозорнинг айрим сегментларининг ўсиш суръатлари йилига 5-7% дан 30 фоизгача ортиши тахмин қилинмоқда. Дунё биотехнология саноатига киритилаётган инвестицияларнинг ўсиши 32 фоизни ва биотехнологик лойиҳаларга инвестиция киритган венчур компанияларининг ўртача даромадлилиги 27 фоизни ташкил қилади.

Ўзбекистон биотехнологик маҳсулотларни тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқиш учун катта илмий салоҳиятга эга. Масалан, Геномика ва биоинформатика маркази, Илғор технологиялар маркази ҳамда Инсон иммунологияси ва геномикаси институти ДНК технологиялари ва молекуляр биотехнологиялар бўйича тадқиқотларда катта тажрибага эга бўлса, Биоорганик кимё ҳамда Ўсимлик моддалари кимёси институтлари фармацевтика ва қишлоқ хўжалигида қўлланиладиган биологик фаол моддалар биотехнологияси соҳасида етакчилик қилмоқда, ўз навбатида Микробиология, Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси ҳамда Умумий ва ноорганик кимё институтлари микроблар биотехнологиялари билан шуғулланиб келмоқда.

Шу билан бир қаторда, юртимизда био-саноатнинг мавжуд эмаслиги кўплаб ишланмаларни тижоратлаштиришга тўсқинлик қилмоқда. Биотехнологик маҳсулотларни ишлаб чиқариш кичик партияларда лаборатория ускуналарида амалга оширилмоқда, тажрибавий ишлаб чиқариш ускуналари мавжуд эмас, саноат миқёсида ишлаб чиқариш корхоналари ҳақида эса умуман гапирмаса ҳам бўлади. Биотехнологик маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш ва сертификатлаш механизмлари кўзда тутилмаган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам қайта кўриб чиқилиши зарур.

Қарор билан қуйидагилар биотехнологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари деб ҳисобланади:

биотехнологияларни ривожлантириш учун зарур бўлган меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш ва биологик хавфсизликни, айниқса ген муҳандислиги фаолияти хавфсизлигини таъминлаш;

биотехнологик маҳсулотларни тадқиқ қилиш, жорий қилиш, ишлаб чиқариш ва сотиш учун инфратузилмани яратиш;

биотехнологиялар соҳасидаги устувор инновацион ва инвестицион лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш;

янги инновацион биотехнологик маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича илмий тадқиқотлар даражасини ошириш, уларнинг глобал илмий маконга интеграциялашувини таъминлаш;

биотехнологик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва қўллашда биологик хавфсизликни таъминлаш;

янги биотехнологиялар, биоинформатика, биофармацевтика, биотиббиёт, фудомикс, метаболомикс, хемометрикс, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш каби соҳаларда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимининг барқарор ишлаши ва ривожланиши учун шароит яратиш;

биотехнологик маҳсулотларнинг янги бозорларини шакллантириш, шунингдек, биотехнологик маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш ва сертификатлаш бўйича меъёрий-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш;

ички бозорда ва ишлаб чиқариш соҳаларида биотехнологик маҳсулотларнинг истеъмолини ва қўлланиш ҳажмини ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги биотехнологияларни ривожлантириш соҳасида ваколатли давлат органи этиб белгиланади ва унга қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:

биотехнологиялар соҳасининг давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини жорий этиш орқали барқарор ривожланишига кўмаклашиш;

биотехнологияларни ривожлантириш бўйича мақсадли илмий дастурларни амалга ошириш ва мувофиқлаштиришни таъминлаш;

биотехнологиялар соҳасида рақобатбардош, иқтисодий жиҳатдан самарали ечимлар, янги маҳсулотлар ва технологияларни яратишга йўналтирилган устувор илмий йўналишларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш;

тажриба-ишлаб чиқариш ва саноат корхоналари, стартаплар, акселераторлар, бизнес-инкубаторлар ва технопаркларни ўз ичига олган тўлақонли биотехнология саноатининг инфратузилмасини яратишда кўмаклашиш;

биотехнологияларда инновацион лойиҳаларни шакллантириш ва амалга оширишга ёрдам бериш;

биотехнологияларни иқтисодиётнинг реал секторларига кенг миқёсда жорий этишга кўмаклашиш;

биотехнология усуллари ва воситалари билан мамлакатнинг тегишли ижтимоий-иқтисодий, энергетик, экологик ва бошқа муаммоларини ҳал этиш.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта таълим вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда "Ўзбекнефтегаз" АКнинг қуйидагиларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади:

Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар маркази ва Ўзбекистон Миллий университети қошида илмий-ўқув ва ишлаб чиқариш биотехнологик хаб,

ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот институтлари қошида биологик коллекциялар тармоғи - ўзак ҳужайралари банки, ДНК биобанки, ҳужайралар биобанки, биологик фаол моддалар кутубхонаси;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Иммунология ва инсон геномикаси институтида биотиббиёт технологиялари соҳасида илмий, инноватсион, ишлаб чиқариш ишларини ривожлантириш, тиббиёт ва ветеринариянинг ихтисослашган соҳаларига илғор технологияларни самарали жорий этишни қўллаб-қувватлаш учун Биотиббиёт технологиялари хизмати;

Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар маркази қошида кимё, биология, биотиббиёт, биотехнология соҳаларида яратилган улкан ҳажмли маълумотларни таҳлил қилишда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича «Big Data» миллий лабораторияси;

Копенгаген университети билан ҳамкорликда замонавий «фудомикс» лабораторияси;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Микробиология институтида тупроқ ва сув ҳолатини мониторинг қилиш илмий лабораторияси;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази қошида Картахена протоколи қоидаларини амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи марказ.

 

Ҳужжатга кўра Илғор технологиялар маркази ва Ўзбекистон Миллий университети қошида, кейинчалик ўша ҳудудда биотехнологик компанияларни, шу жумладан, хорижий компанияларни жойлаштириш кўзда тутилган ҳолда Илмий-ўқув ва ишлаб чиқариш биотехнологик Хабни яратиш (кейинги ўринларда - Хаб), шунингдек Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар маркази қошида кимё,  биология,  биотиббиёт,  биотехнология соҳаларида ҳосил бўлган катта ҳажмли маълумотларни таҳлил қилишда сунъий интеллектдан фойдаланиш учун «Big Data» миллий лабораториясини (бундан кейин - Миллий лаборатория) ташкил этиш кўзда тутилган.