Янгиликлар

Хоразм Маъмун академияси тадқиқотчи ва олимлари хорижда илмий стажировка ўтайди

11 март куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Хоразм Маъмун академиясига ташриф буюриб, Академия фаолияти билан танишди. Хусусан, вазир илмий муассасанинг “Термитлар тарқалишини олдини олиш ва уларга қарши кураш”, “Дон экинлари ва дон маҳсулотларининг сифатини таҳлил қилиш”, “Физик ва кимёвий тадқиқотлар” лабораторияларида Ахборот-ресурс марказида олиб борилаётган ишлар билан таништирилди.

Таъкидлаш жоизки, Хоразм Маъмун академияси Хоразмнинг қадимий тарихини узвий изчилликда ўрганиш, бетакрор цивилизацияси ва маданиятини, бой илмий салоҳиятининг жаҳон фани ва маданияти тараққиётидаги ўрни масалаларини тадқиқ этиш, Хоразм воҳасида жойлашган археологик ёдгорликларни ўрганиш бўйича доимий археологик экспедициялар олиб бориш, этнологик тадқиқотлар ва манбашунослик ишларини тизимли равишда ташкил этиш ва уларнинг натижаларини жаҳон илмий жамоатчилиги олдида кенг тарғиб қилиш билан шуғулланади. Шунингдек, Хоразм воҳаси меъморий ёдгорликларини биологик, физик ва турли салбий таъсирлардан муҳофаза қилишнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, воҳанинг экологик ҳолати бўйича мунтазам илмий кузатишлар олиб бориш, мавжуд ер-сув ва биологик ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Хоразм воҳасининг тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган қишлоқ хўжалиги ўсимликларини иқлимлаштириш орқали шўрланиш ва чўлланишнинг олдини олиш масалаларини тадқиқ этиш, мавжуд экспериментал база асосида қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида инновацион ишланмалар яратиш ҳам академиянинг устувор вазифаларидандир. Бундан ташқари, Хоразмнинг тарихий анъаналари ҳамда мавжуд илмий салоҳиятдан фойдаланган ҳолда математика фани соҳасида фундаментал илмий изланишлар олиб бориш, маҳаллий минерал (кончилик кимё саноати ва норуда) ресурсларни қайта ишлашнинг илмий асосларини яратиш ва ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш бўйича тадқиқотларни амалга ошириш кўзда тутилган.

И. Абдураҳмонов Маъмун академияси илмий жамоаси билан урчашув чоғида академия фаолиятини янада такомиллаштириш, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича кўрсатмалар берди. Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги амалий ҳамда инновацион лойиҳалар танловларида, шунингдек халқаро грантлар танловларида иштирок этишда фаолликка чақирди. Айниқса, аниқ мақсадли илмий лойиҳаларни шакллантириш борасида алоҳида ишларни ташкил этиш лозимлигини таъкидлади.

Инновацион ривожланиш вазири Маъмун академиясида олиб борилаётган изланишлар сифатини яхшилаш, тадқиқот ишлари натижадорлигини ошириш мақсадида мазкур илмий муассаса олимлари ва тадқиқотчиларидан иборат гуруҳни хорижий давлатларга илмий стажировкага юбориш таклифини бериб, Маъмун академияси раҳбариятига қисқа муддатларда рўйхатни шакллантириш вазифасини топширди.

Йиғилишда Хоразм Маъмун академияси раиси Икром Абдуллаев сўзга чиқиб, академия ходимлари томонидан олиб борилаётган илмий изланишлар, эришилган ютуқлар ҳақида гапирди. Хумбузтепа ёдгорлигида амалга оширилган тадқиқотлар натижасида топилган мил.авв.VIII-VII асрларга оид дахма қолдиқлари ва мил.ав. VI асрга тегишли зардуштийлик ибодатхонаси ва оташгоҳи археологлар тадқиқ қилган зардуштийлик дини ва дафн маросимлари билан боғлиқ бўлган ва археология фанида маълум бўлган иншоотлар ичида энг қадимий ва ноёби ҳисобланади. Мазкур дахма ва ибодатхона ўзбек олимларининг Хоразм зардуштийликнинг ватани деган ғоясини яна бир бор тасдиқлайди.

Маъмун академияси томонидан ноёб қўлёзмаларни тахлил қилиш натижасида Огаҳий томонидан форс тилидан ўзбек тилига таржима қилинган “Аҳлоқул муҳсинийн” асарининг асл матн билан солиштирилиб, жорий алифбодаги табдили тайёрланди ва нашр қилинди. Маҳмуд Замаҳшарийнинг “Муқаддимат ул-адаб” асарини белгиланган қисми араб ва форс тилидан ўгирилиб, чоп этилди. Хоразм Маъмун академияси олимлари томонидан “Жалолиддин Мангуберди – буюк ватанпарвар саркарда” номли рисола тайёрланди.

Қишлоқ хўжалик фанлари бўйича Хоразм воҳаси тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган “Хурма” ва “Ният” навларига патент олинди ва Хоразм вилояти фермер хўжаликдаги экиш бошланди. Доривор ўсимликлардан кийик ўти, тирноқгул, далачой, арслонқуйруқ каби ўсимликлар Хоразм вилояти шароитларига интродукция қилинди. Амарант ўсимлигидан шифобахш амарант мойи ва сквален моддаси ажратиб олинди.

Туркиянинг FIPA Ekolojik компанияси билан олиб борилган музокаралар натижасида 125 минг АҚШ доллари миқдоридаги ташқи инвестиция киритилди ва 4 гектар майдонда томчилатиб суғоришга асосланган интенсив боғ барпо этилди.