Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири Урганч давлат университетида йиғилиш ўтказди

2020 йил 11 март куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Хоразм вилоятидаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва Хоразм Маъмун академияси илмий ходимлари билан Урганч давлат университетида учрашув ўтказди.

Вазир бугунги кунда республикамизда илм-фан ва инновация соҳасида олиб борилаётган кенг миқёсдаги ишлар борасида ўз фикрларини билдирди. Жумладан, “Ўзбекистон Республикасида биотехнологияларни ривожлантириш ва биохавфсизлик тизимини шакллантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги, “Кимё ва биология йўналишида амалга оширилаётган илмий-тадқиқотлар ва инновация ишлари натижадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор лойиҳалари муҳокама этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 мартдаги “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмуни ва моҳияти тушунтирилди.
Мазкур қарор асосида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган илмий лойиҳаларни шакллантириш, “стартап” лойиҳаларни тасдиқлаш, молиялаштириш ва амалга ошириш тартиблари бўйича батафсил маълумот берилди.

Бундан ташқари, 2020 йил учун таянч докторантура ва докторантурага қабул қилиш электрон тарзда амалга оширилганини таъкидлади, бу ўз навбатида мазкур жараённинг самарадорлигини оширишга, шаффоф ва коррупциядан холи бўлишига хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, фундаментал ва амалий давлат грантлар тўғрисида тушунча берилди. Бугунги кунда вазирлик томонидан ҳар ойда илмий фаолиятга оид дастурлари доирасида грант лойиҳалар танловлари эълон қилиб борилаётгани ва ушбу танловларда олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларда фаолият юритаётган ёш олимлар фаол қатнашиши зарурлиги қайд этилди. Учрашувда олимларга илмий фаолиятга оид давлат дастурлар доирасида улар томонидан яратилган ҳар бир илмий ва илмий-техникавий фаолият натижалари тижоратлаштирилиши лозимлиги тўғрисида тушунтирилди.

Учрашувда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан вазирга мурожаат қилдилар. Инновацион ривожланиш вазири барча саволларга жавоб бериб, мавжуд муаммоларни ечишда кўмак берилишини, юртимиз илм-фани ва инновацион ривожига ҳисса қўшиш йўлида меҳнат қилаётган олимлар ва тадқиқотчилар вазирлик томонидан қўллаб-қувватланишини алоҳида таъкидлади. Бу борада вазирлик ҳузурида янги ташкил этилган Ёшлар академияси ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга ёрдам бериши ҳақида сўзлаб, инновацион ғоялар, лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш, иқтидорли талабалар, ёш олимлар ва тадбиркорларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш бугунги кун талаб экани айтилди.

Ўз навбатида тадқиқотларни амалга оширишда айрим қийинчиликларга дуч келаётган ёш олимларга амалий ёрдам берилиши айтилиб, тадбир давомида мурожаат қилган докторантларга вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида лаборатория ишларини амалга ошириш учун шароит яратилишини айтди. Шунингдек, вазир ёш тадқиқотчиларни Беларусь Республикасига қисқа муддатли стажировеага жўнатишга кўрсатма берди.