Янгиликлар

Азиза Шоназарова: “Илм-фаннинг энг ашаддий душмани — плагиат”

Азиза Шоназарова: “Гендер тарихи бу аёллар тарихи эмас, балки эркаклар ва аёллар ўртасидаги муносабатлар тарихидир”

10 март куни Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “Тараққиёт стратегияси” марказида Колумбия университетининг профессори Азиза Шоназарова билан пресс-конференция ўтказилди. Тадбирда ОАВ вакиллари, вазирлик мутахассислари ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирда Азиза Шоназарованинг президентимиз томонидан “Дўстлик” ордени билан тақдирлангани, шунингдек унга Тошкент Давлат шарқшунослик институти томонидан "фахрий профессор" унвони ва кафедра мудири лавозими берилгани таъкидланди.

Профессор Шоназарова журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, АҚШ ва дунёдаги бошқа мамлакатлар ҳамда Ўзбекистондаги илмий даражаларни бериш тизимидаги фарқлар, уларнинг ижобий ва салбий томонлари ҳақида гапирди. Хусусан, юртимизда мавжуд икки босқичли илмий унвонларни бериш тизимидаги айрим камчиликларни тилга олди. Шу ўринда у юртимиз илмий салоҳиятини кучайтириш учун Олий таълим тизимида ўқитиш методикасини ўзгартириш зарурлигини, конспект ёзиш, мажбурий дафтар тутиш ва уни тўлдириш анъаналарига барҳам бериш лозимлигини айтиб ўтди. Талабалар ҳам, профессор ўқитувчилар ҳам ўз соҳалари бўйича дунёдаги энг сўнгги мақолалар, дарсликлар, адабиётларни топиб ўқишлари кераклигини алоҳида таъкидлади.

— Илмий иш билан шуғулланишни истаган инсон, аввало, ўз соҳасидаги барча маълумотлар, жаҳондаги сўнгги тенденциялар билан танишганидан кейингина ўз олдига тадқиқот масаласини қўйиш имконига эга бўлади, — деди А. Шоназарова. — Ривожланган мамлакатларда профессорларнинг қандай ва қайси мавзуларда лекция ўқишлари ўзларига ҳавола, уларнинг фаолиятига талабалар баҳо беради. Талабалар қайси профессорнинг дарсларини танлашда эркинлар. Профессорнинг талабалари ва шогирдлари қанча кўп бўлса, унинг маоши ҳам шунга яраша ошади.

Азиза Шоназарова ўз навбатида Ўзбекистондаги илмий салоҳият баланд эканлигини ҳам таъкидлади: “Жаҳондаги энг нуфузли университетлардан бирида профессорлик мақомига эришганим ҳақидаги хабар тарқалганидан кейин ижтимоий тармоқларда кўпчилик мени хорижда туғилган ёки ўша ерда таълим олган бўлса керак, деган тахминлар қилишганидан хабарим бор. Аслида мен оддий тошкентлик қизман. Шаҳримизнинг тош кўчаларида ланка ўйнаб катта бўлганман. Ўзбек мактабини битирганман, кейин лицейда таҳсил олиб, Тошкент Давлат Шарқшунослик институтида бакалавр ва магистратура босқичларида ўқиганман. Ҳали институтни тугатмасимдан туриб, Шарқшунослик илмий-тадқиқот институтига ишга кирганман. У ерда қўлёзмалар билан ишлашнинг сиру синоатини эгаллаганман. Бу билан мен Ўзбекистонда билим даражаси қанчалик юқори эканини айтмоқчиман. Айнан шу даргоҳда олган билимларим мени ҳозирги эришган ютуқларимнинг асосидир. Хорижда бизга араблар араб тилидан дарс берарди, лекин менинг Шарқшунослик институтида араб тили грамматикасидан олган сабоқларим улар билан баҳслашишга, ҳатто уларнинг хатоларини тўғрилашга ҳам етарди...”

Бундан ташқари, Азиза Шоназарова Ғарб давлатлари ва АҚШ университетларида плагиатга йўл қўйилмаслиги ҳақида гапираркан, ҳатто талабалар ҳам ўз рефератлари, диплом ишларида бошқа муаллифларининг бирорта ҳам гапини иқтибос келтирмасдан беришлари мумкин эмаслигини ва бу амалиётни Ўзбекистонга ҳам татбиқ этиш лозимлигини айтди. Илм-фанда плагиатни йўқ қилиш талабаларни шу борадаги кўникмасини оширишдан бошланиши лозимлигини қайд этди.

 

— Мен ўрганадиган давр бу 16-асрдан бошлаб то рус истилоси давригача бўлган юртимиз тарихи бўлиб, хусусан шу даврда аёлларнинг жамиятда тутган ўрни, гендер тарихини тадқиқ қиламан, ­ деди А. Шоназарова ўз илмий иши ҳақида гапираркан. — Темурийлар даври нафақат юртимизда, балки бошқа давлатлар тарихчилари томонидан ҳам яхши ўрганилган, бироқ ундан кейинги даврга кам мурожаат қилинган. Чунки асосий тарихий материалларимиз араб ёзувида, форс тилида қўлёзма шаклида сақланган. Шу боис ҳам тарихимиздан йироқмиз. Диссертациямнинг асосий қисми тасаввуф илмининг ривожланишига катта ҳисса қўшган, Нақшбандия тариқатининг йирик намоёндаси бўлмиш олима Оғойи Бузрукка бағишланган. Унинг мақбараси Бухоро вилоятининг Жондор туманида жойлашган бўлиб, Қизбиби номи билан машҳурдир. Бу аёлнинг тарихидан биз ўша даврларда яшаган бошқа аёлларнинг ҳам тарихини ўрганишимиз мумкин. Унинг шогирдлари хусусан эркак шогирдлари томонидан ёзилган мақоматлар бизгача етиб келган. Мана шу мақоматларнинг танқидий матни аслида — форс тилида бу йил Нидерландияда китоб шаклида чоп этилади. Ғойиб бузрукнинг ва унинг муридлари тарихи орқали биз юртимиз гендер тарихини ўрганамиз. Гендер тарихи бу аслида фақат аёллар тарихи эмас, балки эркаклар ва аёллар ўртасидаги муносабатлар тарихи деб тушуниш керак. Оғойи бузрук асарлари 20 асрга қадар хаттотлар томонидан, таъкидлаш жоизки, эркак хаттотлар томонидан кўчирилган, демакки улар томонидан қадрланган.