Янгиликлар

Туркиянинг Komtel Technologies компанияси Ўзбекистонда биноларда мобил тармоқ сигналларини кенгайтириш ва тарқатиш бўйича инновацион ечимларни таклиф этмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Hilton Tashkent City, “Komtel Technologies” (Туркия) билан ҳамкорликда “IBS/DAS технологияларини Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация соҳасида муҳим инновацион ечим сифатида жорий этиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Учрашув “Телекоммуникация тармоқлари инфратузилмасида юқори технологик ечимларни жорий этиш, биноларда мобил тармоқ сигналларини (IBS) кенгайтириш ва тарқатиш лойиҳаси“ни амалга оширишга бағишланди.

Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад республиканинг йирик инфратузилма объектлари ичида мустаҳкам мобил алоқа қамрови ва мобил сигналларни кучайтиришни таъминлаш масалаларини ҳал этишдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилаш мумкинлиги қайд этилган. 2020 йилда Ўзбекистон рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда туб бурилиш ясаши керак.

Замонавий бинолар шундай тузилганки, мазкур объектлар сиртидан мобил сигналларни акс эттириш даражаси юқори бўлиб, ташқи уяли алоқа антенналари сигналларини инфратузилма объектларининг ичига кириб боришида қийинчиликлар юзага келмоқда.

Туркиянинг “Komtel Technologies” компанияси мульти технологиялар, мобил операторларига хизмат кўрсатиш, ялпи мобил қамровини таъминлаш технологиялари соҳасида бир қатор тайёр инновацион ечимларни таклиф этади.

Komtel Technologies қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, телекоммуникация тармоқлари учун инфратузилма яратиш, биноларда мобил тармоқ сигналларини кенгайтириш ва тарқатиш, антенна тизимларини жорий этишга сармоя киритишга тайёрлигини билдирди.

Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Komtel Technologies” компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Давра суҳбати доирасида Hilton Tashkent City ва Конгресс маркази лойиҳасининг тақдимот, муҳандислик таҳлили ҳамда Ўзбекистонда лойиҳани амалга ошириш бўйича таклиф этилаётган бизнес моделларнинг техник таҳлили амалга оширилди.

Учрашув якунларига кўра телекоммуникация тармоқлари инфратузилмасида юқори технологияли ечимларни жорий этиш, қисқа вақт ичида уни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасида биноларда мобил тармоқ сигналларини кенгайтириш ва тарқатиш бўйича лойиҳани амалга ошириш учун якуний бизнес моделини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.