Янгиликлар

Мирзо Улуғбек мактабида ўқув-амалий семинар ўтказилди

9 март куни Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Medion Dental” хусусий тиббий клиникаси ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати билан ҳамкорликда “Оғиз бўшлиғининг профилактикаси” мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.

Тадбирни ўтказишдан мақсад болаларда оғиз бўшлиғининг профилактикаси ҳақида маълумотлар бериш ва кариеснинг олдини олиш, унга қарши курашнинг чора-тадбирларини тушунтиришдир. Шу билан бирга ўқувчиларга инновацион стоматологик ускуналар ёрдамида тўғри тиш ювиш усуллари ўргатилди.

Тадбирда меҳмон сифатида таклиф этилган “Medion Dental” компанияси вакили Д.Акбаров ўзининг “Оғиз бўшлиғининг профилактикаси” мавзусидаги маърузаси билан қатнашди. Маъруза анимацион фильмлар, кўргазмали моделлар ва инновацион технологиялар ёрдамида амалга оширилди. Маъруза интерактив усулда савол ва жавоблар орқали олиб борилди. Стоматологик профилактика бўйича берилган саволларга тўғри жавоб берган ўқувчиларга рағбатлантирувчи совғалар тақдим қилинди.
Семинарда Инновацион ривожланиш вазирлиги таълим ва соғлиқни сақлашга инновацияларни жорий қилиш ҳамда тадқиқ этиш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Бахтинур Худанов сўзга чиқиб, Республикада кўп учраётган стоматологик касалликлар ҳақида сўз юритди ва ўқувчиларнинг саволларига жавоб берди.

– Тишларимизнинг соғломлиги барча аъзоларимиз фаолиятига ижобий таъсир қилади, – деди Б. Худанов. — Носоғлом тишлар эса инсонга оғриқ берибгина қолмай, ошқозон, ичак ва бошқа тана аъзоларимиз фаолияти бузилишига сабаб бўлади. Шу боис, болаликдан тишларнинг соғлом бўлишига алоҳида эътибор бериш лозим.

Мазкур тадбир тиш кариеси ва унинг асоратлари, милк касалликларининг профилактикасига бағишлангани, ушбу касалликларнинг олдини олиш мумкинлиги ташкил этилган семинарда таъкидланди.