Янгиликлар

Биотехнологиялар — ХХI аср саноати  

XXI асрга келиб, илм-фан ҳақиқий иқтисодий кучга айланди. Айнан илм-фаннинг қай даражада ривожлангани мамлакат тараққиётининг суръатини ва жаҳон саҳнасидаги ўрнини белгиламоқда. Давлатнинг илмий имкониятлари қанчалик бақувват бўлса, тадқиқотлар натижаларини амалга жорий этиш тизими қанчалик самарали, юқори технологиялардан ва илм-фанга асосланган маҳсулотлардан фойдаланиш миқёси қанчалик кенг бўлса, аҳолининг турмуш тарзи шунчалик юқори бўлади.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда илм-фанни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда: илм-фанни молиялаштириш ҳажми ошмоқда, илмий-тадқиқот муассасалари сони ортиб, қатор инновация марказлари, илмий кластерлар, технология парклари ташкил этилмоқда. 2019 йилнинг 29 октябрида Ўзбекистон Республикасининг “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида“ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонун билан илмий соҳанинг долзарб масалаларини ҳал этиш, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлашни кенгайтириш кўзда тутилган. Жумладан, янги илмий муассасалар ташкил этилади ва янги илмий йўналишлар ривожлантирилади.Фан ва таълимни ривожлантириш борасидаги ишларни давом эттириш мақсадида 2020 йил мамлакатимизда “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди. Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга мурожаатида ҳар йили фаннинг бир неча устувор тармоқларини аниқлаш ва ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Бу йил геология, математика, кимё ва биология соҳаларидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни фаоллаштириб, олимлар учун барча шароитлар яратилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 31 январ куни бўлиб ўтган фан ривожига бағишланган йиғилишда юртимиз илм-фан арбоблари мақомини кўтариш ва илм-фаннинг истиқболли йўналишларини ривожлантиришни тўлиқ рағбатлантириш сиёсатининг давом эттирилишини таъкидлади.

Замонавий биологиянинг жадал ривожланаётган соҳаларидан бири биотехнология бўлиб, у фан ютуқлари ва ишлаб чиқариш жараёнини бир-бирига боғлайди. Биотехнология микроорганизмлар, ўсимлик ва ҳайвон тўқималари, органеллалар, рекомбинат ДНК ҳамда тўлиқ генетик модификацияланган организмлар каби турли биологик тизимлардан амалда фойдаланишга замин яратади. Айнан биотехнология туфайли экинларни ҳимоя қилишнинг замонавий биологик усуллари, биодеградацион полимерлар ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари ишлаб чиқилган. Масалан, биополимерлар ҳозирда кенг қўлланилаётган пластмассаларга нисбатан катта афзалликларга эга, негаки улар ўзидан заҳарли моддалар чиқармайди, атроф-муҳитни ифлослантирмайди, фойдаланиб бўлгандан кейин парчаланиш хусусиятига эга. Генларни конструкциялаш нафақат ўсимликларнинг, балки ҳайвонот дунёсини ҳам назорат қилиш ва турли хусусиятларга эга бўлган янги организмларни яратиш имконини беради. Замонавий биотехнологиялар анчайин ранг-баранг, шу боис ҳам асримизни биотехнологиялар асри деб аташмоқда.

Замонавий биотехнологиялар инсон ҳаёти сифатини сезиларли даражада яхшилаши ва мамлакат иқтисодий ўсишининг ривожланишига ёрдам бериши мумкин. Биотехнология туфайли янги самарали диагностика воситалари, вакциналар, дори-дармонлар, озиқ-овқат маҳсулотлари яратилмоқда, қишлоқ хўжалиги экинларининг, жумладан, дон маҳсулотларининг ҳосилдорлиги ошмоқда. Бу ўз навбатида аҳоли сони кун сайин ўсиб бораётган курраи заминимиз учун ўта долзарбдир.Бундан ташқари, биотехнология биомассаларни қимматбаҳо маҳсулотга — ёқилғига айлантириш имконини ҳам беради.

Биотехнология, амалий фан саналса-да, фундаментал илмий тадқиқотлар билан узвий боғлиқ. “Белгиланган хусусиятларга эга“ организмларни яратиш, генетик касалликларни даволаш, танадан ташқарида оқсил массасини ишлаб чиқариш, организмга “биологик чипларни“ жойлаш— мана шу йўналишларнинг барчаси мураккаб тадқиқотлар, замонавий ускуналар ва юқори малакали мутахассисларни талаб қилади.

Бутун дунёда замонавий биотехнология инвесторларнинг диққат эътиборида бўлиб, биотехнология саноатига киритилган инвестицияларнинг ўсиши 32% ни ташкил этди. Мутахассислар ва таҳлилчиларнинг фикрича, биотехнологиялар ХХI асрнинг энг жадал ривожланаётган ва энг даромадли бизнесига айланишини тахмин қилмоқда. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, биотехнологияларнинг жаҳон бозоридаги кўлами 2025 йилда 2 триллион АҚШ доллари даражасига етади. АҚШ, Хитой, Ҳиндистон ва Европанинг Genentech, Novartis, Merck&Cо, Pfizer, Johnson & Johnson, Sanofi каби компаниялар фармацевтика биотехнологиялари соҳасида тан олинган етакчилардан саналса, трансмиллий Monsanto компанияси ГМОларни яратиш ва ишлаб чиқаришда илғорликни қўлдан бермаяпти.

Биотехнология соҳаси қанчайин истиқболли ва янги бозорларни забт этишда улкан салоҳиятга эга бўлмасин, Ўзбекистонда ва умуман, Марказий Осиё давлатларида ҳали етарлича ривожланмаган. Юртмизда ишлатиладиган биотехнологик маҳсулотларнинг 90% дан ортиғи импорт қилинади. Шу билан бир қаторда, ривожланган ва, ҳатто, ривожланаётган мамлакатлар билан ҳам солиштирганда биотехнология маҳсулотларидан фойдаланиш кўрсаткичи бизда ўта паст.

Шуни эътироф етиш керакки, Ўзбекистонда биотехнологик маҳсулотларни тадқиқ этиш ва ривожлантириш учун катта илмий салоҳият мавжуд. Бироқ биотехнологиялар саноатининг йўқлиги боис аксарият ишланмалар ишлаб чиқаришга жорий этилмай қолиб кетяпти, биотехнология маҳсулотларининг ўзи эса кичик ҳажмларда лаборатория ускуналарида ишлаб чиқарилмоқда.

Қишлоқ хўжалигида кимёвий ўғитлар ва пестицидлардан фойдаланиш тупроқнинг емирилиши, сув ва ҳавонинг ифлосланиши муаммоларига олиб келади, аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Бугунги кунда қишлоқ хўжалик майдонларидаги тупроқларнинг 54% га яқини пестицидлар билан ифлосланган бўлиб, 80% майдонлардаги тупроқ таркибида кўп миқдорда зарарли ва хавфли моддалар мавжуд. Ўтган ўн йиллар давомида, ерларнинг балл-бонитети 58 дан 55 га тушиб кетди.

Биотехнологияларнинг иқтисодиёт сектори сифатида мавжуд эмаслигининг бир неча сабаблари бор. Хусусан, давлат томонидан мақсадли қўллаб-қувватланмагани, зарур иқтисодий шароитларнинг бўлмагани, мазкур йўналишдаги стартапларнинг ривожланмагани, қонунчилик даражасида био-хавфсизлик масалаларининг тартибга солинмаганлиги мазкур соҳадаги яхли тизимининг шаклланишига тўсқинлик қилган. Ҳозирда мавжуд био-хавфсизликка доир талаблар фақатгина турли санитар меъёрлардагина акс этган бўлиб, таркибида генетик модификацияланган организмлар (ГМОлар) мавжуд бўлган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан қўлланилади. Бундан ташқари, эскирган таълим стандартлари, замонавий ўқув лабораторияларининг йўқлиги бу соҳада тайёрланаётган кадрлар сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, биотехнологик маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш ва сертификатлаш механизмларига эга бўлмаган меъёрий-ҳуқуқий база ҳам такомиллаштирилиши зарур.

Белгиланган муаммоларни ҳал қилиш учун биотехнологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини аниқлаш, ягона био-хавфсизлик тизимини шакллантириш, мамлакат илмий салоҳиятини ошириш, замонавий билимларга эга юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, илғор биотехнологиялар асосида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, шунингдек, “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётнинг ривожланиш йили“ доирасидаги ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Биотехнологияларни ривожлантириш ва био-хавсизликнинг яхлит тизимини шакллантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур қарор билан био-тиббиёт, агробиотехнологиялар ва саноат биотехнологиялари йўналишлари бўйича 2020-2030 йилларга мўлжалланган биотехнологияларни ривожлантириш Давлат дастури ишлаб чиқилади. Био-хавфсизлик ва ГМОдан фойдаланиш учун норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича қатор чора-тадбирлар қабул қилинади. Биотехнология соҳасида кадрлар салоҳиятини оширишга, жумладан, ёш тадқиқотчиларнинг етакчи хорижий университетлар ва илмий ташкилотларда биотехнология соҳасида мунтазам стажировкаларини ташкил етилди. Био хилма-хилликка асосланган янги биотехнологияларни ривожлантириш мақсадида миллий биологик коллекциялар тармоғи яратилади. Бир қатор илмий муассасаларда янги йўналишлар бўйича лабораториялар яратилиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланади. Биотехнологик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни лицензиялаш бекор қилинади (дори воситаларидан ташқари), аммо ўз навбатида ишлаб чиқарилган биотехнологик маҳсулот сертификацияланади. Биотехнологик маҳсулотлар ва технологияларни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш улушини рағбатлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга оширилади. Қишлоқ хўжалигида кимёвий ўғитлар ва пестицидлардан воз кечиб, биологик маҳсулотлардан фойдаланишга ўтиш чора-тадбирлари кўрилади.

Таклиф этилаётган чора-тадбирлар тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва саноатда товарлар ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш) ва экспортни оширишда биотехнологиялар салоҳиятидан фойдаланиш имконини беради. Республика илмий салоҳиятини халқаро даражага кўтариб, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги биотехнология бозорида етакчи ўрин эгаллашига замин яратади.

Ҳозирда қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жойлаштирилди.

 

Иброҳим Абдураҳмонов,

Инновацион ривожланиш вазири,

академик, биология фанлари доктори