Янгиликлар

Тошкентда биринчи халқаро ёшлар инновацион форуми бўлиб ўтади

Жорий йилнинг 9 март куни Инновацион ривожланиш вазирлигида вазир ўринбосари Олимжон Тўйчиев ва “Евросиё инжиниринг компанияси” (Россия Федерацияси) президенти Муҳаммад Муҳитдинов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув натижаларига кўра томонлар Инновацион ғоялар ҳафталиги – “ InnoWeek 2020“ доирасида Ўзбекистонда илк бор “World Youth Innovation Forum — 2020“ халқаро ёшлар инновацион форумини ўтказишда ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади. Ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.08.2018 йилдаги ПҚ-4433-сонли Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

Ўзбекистонда “World Youth Innovation Forum – 2020“ биринчи халқаро ёшлар инновацион форумини ўтказишдан мақсад истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун маблағ жалб қилиш орқали мамлакатда инновация соҳасини рағбатлантириш ва фаоллаштириш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, миллий инновация лойиҳаларини эксперт қўллаб-қувватлашдан иборат.

Хусусан, форум доирасида давлат, бизнес ва инновация соҳаси вакиллари учун доимий платформа яратилади.

Евроосиё инжиниринг компанияси (EEC Russia) халқаро инжиниринг, молия ва илмий-техник институтларни бирлаштирувчи инновация марказидир. EEC Russia энергетика, энергетика ва ресурсларни тежаш, қишлоқ хўжалиги, экология ва муҳандислик соҳаларида халқаро лойиҳаларни амалга оширади.