Янгиликлар

8-март – Халқаро хотин-қизлар байрами муборак!

Бугун Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанада Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз хотин-қизларини айём билан муборакбод этар экан, Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентда аёллар сони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етгани, ташаббускор ва ташкилотчи аёллар туман ва шаҳар ҳокими лавозимларига тайинланаётганини қайд этди.

Сўнгги кунларда аёлларнинг ҳоким лавозимларига тайинланганини ўқиб бир қувонган бўлсак, етакчи ҳорижий олий таълим муассасаларида хотин-қизларимизнинг илм йўлида юқори чўққиларга эришаётганини кўриб кўнглимиз ғурурга тўлди.

6 март куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва Президент администрацияси билан ҳамкорликда ўзбеклар орасида биринчи бор Колумбия университетининг tenure track позицияси, яъни умрбод профессорликка етакловчи лавозимга қабул қилинган Азиза Шаназарова Тошкентга етиб келди. Бугунги тантанада эса Президент уни “Дўстлик” ордени билан тақдирлади.

Дарҳақиқат, аёллар муваффақият қозонмаган соҳанинг ўзи йўқ. Аёл-қизлар бошқа касбу корлар қатори фан чўққиларини ҳам забт этиб келишмоқда. Эътироф этиш керакки, юртимиз илмий таълим муассасаларида 660 аёл фан доктори ҳамда 8 нафар аёл академик меҳнат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг илмий-тадқиқот институтларида 3000 нафарга яқин аёл-қизлар самарали тадқиқот ишларини олиб боришмоқда. Ўзбек олима аёллари кимё, биотехнология, қишлоқ хўжалиги ва бошқа жабҳаларда ўз интеллектуал салоҳиятларини намойиш этиб, оригинал тадқиқотлари, инновацион ишланмалари билан юртимиз инновацион ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Инновацион ривожланиш вазирлиги аёл-қизларимизни 8 март – Халқаро хотин-қизлари байрами билан муборакбод этиб, уларга сиҳат-саломатлик, ижодий парвозлар ва чинакам аёллик бахтини тилайди!