Янгиликлар

Ўзбеклар орасида илк бор Колумбия университетининг профессорлик лавозимини олган ёш олима Тошкентга келди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва Президент администрацияси билан ҳамкорликда ўзбеклар орасида биринчи бор Колумбия университетининг tenure track позицияси, яъни умрбод профессорликка етакловчи лавозимга қабул қилинган Азиза Шаназарова Тошкентга 6 март куни ташриф буюрди. А.Шаназарова 9-11 март кунлари қатор тадбирларда иштирок этиб, кенг жамоатчилик вакиллари, олимлар, ёшлар билан учрашади.

Хусусан, А.Шаназарова Тошкент давлат шарқшунослик институти жамоаси ва ёш илмий ходимлари, шунингдек Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтлари илм-фан бўйича директор ўринбосарлари ҳамда олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари билан учрашуви режалаштирилган. Азиза, шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ходимлари билан ҳам кўришади.

Ёшларнинг илм-фанга меҳрини ошириш, уларни юқори марраларни эгаллашларига тарғиб қилиш мақсадида профессор Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ўқувчилари билан учрашув ўтказиши ҳам кўзда тутилган.

10 март куни Пойтахт бизнес марказида ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилади. Ташрифи якунида олима Тошкентдаги Ёджу техника институти ёш олим ва талабалари билан мулоқот қилади.

Азиза Шаназарова 2007 йил, Тошкент давлат шарқшунослик институтини Шарқ фалсафаси йўналиши бўйича тамомлаган. 2011 йил АҚШнинг Индиана-Блумингтон университети магистратурасини имтиёзли диплом билан битирди.

2019 йил Азиза Шаназарова Индиана университетининг икки йўналиши бўйича PhD докторлик диссертатсиясини ҳимоя қилди. Унинг илмий иши сўфизм, гендер тарихи ва аёлларнинг Марказий Осиё тарихида тутган ўрни бўлиб, шу мавзуда бир неча йиллардан бери изланиш олиб бормоқда. Ҳозирда АҚШда жойлашган Питтсбург Университетининг Исломда гендер ва аёллар масаласи бўйича постдокторантура изланувчиси. Питтсбург университетида баҳорги семестрда дарс беришни тугатиши билан, Оксфорд университетига боради. У ерда маърузалар бериш билан бир қаторда, 2020 йилда BRILL нашриётида биринчи китоби устида ишни давом эттиради. 

Азиза илмий иш билан бирга чет эллик талабаларга дарс беради. Дастлаб Индиана университетида дарс бериш фаолиятини бошлаган, кейин Станфорд университетида лектор даражасида ўз фаолиятини давом эттирди. Дунёнинг энг қадимги университетларидан бири ҳисобланган Оксфорд университетининг Исломшунослик марказининг илмий тадқиқотчиси ҳисобланиб, у ерда ҳам маърузалар ўқийди.  

АҚШ, Европа ва Осиё мамлакатларидаги бир қанча етакчи университетлари ва илмий марказлари билан илмий ҳамкорликни давом эттириб келмоқда. Шу жумладан, Манчестер университети, Варшава университети, Огайо университети, Иллинойс университети, Стэнфорд университети, Сорбонна университети, Бонн университети, Пекин университети ва АУCА (Бишкек)ни санаб ўтиш мумкин.    

Азиза Шаназарова Марказий Осиёдаги сўфи аёлларнинг йирик вакиласи бўлган Ҳазрат оғойи бузург (Ҳазрат Қизбиби) ва Ҳофиз Басирнинг унга бағишлаб ёзган “Мазҳар ал-Ажойиб” асарининг чоп этиш устида иш олиб бормоқда.

Дарвоқе, Азизанинг Тошкентга келиши яқинлари учун "сюрприз" бўлди. У аэропортдан тўғри онаси фаолият юритаётган пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 20-оилавий поликлиникага борди. Хотин-қизлар байрами арафасида бу онаси учун энг катта совға бўлди десак, муболаға бўлмайди.

 

Инновацион ривожланиш вазирлиги

Ахборот хизмати