Янгиликлар

ONLINE. “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳасини муҳокама қилинмоқда  

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳасини муҳокама қилишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтмоқда. Мазкур Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг
“2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат Дастури тўғрисида”ги 2018 йил 22 январдаги ПФ–5308-сон Фармонининг 3-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Айни пайтда республика қонунчилигида инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни, инновация ва инновацион фаолият соҳасидаги тушунчаларни, иштирокчилар таркибини ва ушбу жараёнда уларнинг ўзаро муносабатини, апробация механизмларини самарали ташкил этишни, илмий ишланмаларни амалиётга тадбиқ этишни ва саноатда ўзлаштиришни тартибга солувчи ягона қонун ҳужжати мавжуд эмас.

Қонуннинг кучга кириши инновацион фаолият соҳаларини ва унинг барча иштирокчиларини самарали ҳамкорлиги учун ҳуқуқий асослари ва қонуний ваколатларини таъминлайди, инновацион фаолият субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди, инновацион фаолият субъектларини кенг кўламда ташкил этиш имконини беради.

Шунингдек, қонун лойиҳасининг маъқулланиши ва қабул қилиниши инновация ва инновацион фаолият соҳасидаги ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий муносабатларни тартибга солувчи қатор норматив ҳужжатлар кўриб чиқилишини, шунингдек, илмий, илмий-техник ва инновацион фаолият натижаларини жорий этиш ва тижоратлаштиришни фаоллаштиради.

Лойиҳада инновацион фаолият соҳасида фойдаланиладиган атамаларни бир хил маънода ишлатишни тартибга солувчи асосий тушунчалар мазмуни, инновацион фаолият иштирокчилари категориялари, инновациялар трансфери, инфратузилма объектлари, инновацион фаолиятни молиялаштириш манбалари ва шаклларига аниқлик киритилган.

Қонун лойиҳаси давлат бюджети маблағларини жалб қилиш орқали ташкил этилган интелектуал мулк ва технологиялар объектларини ишлаб чиқарувчиларга бериш ҳуқуқи тартибини белгилайди. Бундай тартиб апробациядан ўтказиш механизмини такомиллаштиришга шароит яратади, шунингдек, илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этишни рағбатлантиради.

Қонун лойиҳаси 7 боб ва 39 моддадан иборат.

Лойиҳани ишлаб чиқишда инновацион фаолиятни тартибга солувчи қонунларни қабул қилган АҚШ, Франция, Германия, Жанубий Корея, Россия, Ҳиндистон, Беларусь, Молдова, Қозоғистон, Украина каби соҳада етакчи бўлган хорижий давлатларнинг тажрибасидан фойдаланилган.

“Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси 2019 йилнинг 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисида муҳокама этилиб, 2019 йил 24 декабрдаги 202-сон мажлис баёни қарори билан мақулланган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилган.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан норма ижодкорлиги талаблари доирасида кўриб чиқилиб, лойиҳада келтирилган моддалар тўғридан-тўғри ишлаш принципи асосида пухта ишлаб чиқилди.

Мазкур Қонун лойиҳаси жорий йилнинг 11 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишдан ўтказилган ва ҳозирги кунда иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.

Қонун лойиҳасида инновацион фаолиятнинг асосий принциплари белгиланмоқда. Асосий принципларнинг белгиланиши соҳадаги фаолиятнинг тизимли йўлга қўйилиши ва самарали олиб борилишини таъминлайди.

Давлат идораларининг (Вазирлар Маҳкамаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари) инновацион фаолият соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда. Инновацион фаолият соҳасида самарали бошқарув механизмларининг яратилиши илмий-тадқиқот ишларининг натижадорлигини таъминлаш ҳамда молиявий ресурслардан оқилона фойдаланишга имкон беради.

Инновацион фаолият субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини Қонунда белгиланиши уларнинг инновацион салоҳиятини янада оширишга ҳамда янги ишланмаларни эркин тарқатиш ва тижоратлаштириш кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги 2018 йил 29 ноябрдаги ПФ–5264-сон Фармонига мувофиқ мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини ошириш, инновацион фаолиятни ривожлантириш, янги ишланмаларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни таъминлайди.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши натижасида инновацион фаолият соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади, республикада инновацион салоҳиятнинг янада ошиши учун ҳуқуқий асослар яратилади ҳамда мазкур соҳада давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланади.