Янгиликлар

“Тожмот“ ақл гимнастикаси умумтаълим мактабларга ёйилмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган 262- ва 314-сон умумтаълим мактабларида ўзбек миллий “Тожмот“ ақл гимнастикаси интеллектуал ўйиннинг математика фанини ўзлаштиришдаги аҳамияти тўғрисида тадбир, маҳорат дарси бўлиб ўтди. Мазкур тадбир ёш ихтирочи Монолит Тошматов томонидан яратилган “Тожмот“ ўйини билан ўқувчи-ёшларни таништириш, улардаги қизиқишни янада ошириш масалалари юзасидан савол-жавоблар тарзида ўтказилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тақдим этилган “Тожмот” ақл гимнатикаси математика фанига қизиқувчи ўқувчиларга фойдали туҳфа бўлди. “Тожмот“ ақл гимнастикаси интеллектуал ўйини ўқувчи-ёшларда ақлни чархлаш, математика, ментал арифметикани яхши ўзлаштиришга ёрдам беради.

Тожмот фигуралари 0-9 гача рим ва араб рақамлари ҳамда Х —номаълум сон белгиси кўринишида бўлиб, ўйин математик амалларга асосланган. Рақамлар кўринишидаги фигуралар ўйнаш қоидасини тез ўзлаштириб олишини таъминлайди. Шахматдан фарқли равишда бу ўйинда ўйинчилар фигураларни сақлаш, кўпайтириш ёки қайтариш имкониятга эгалар.

Шу билан бирга қаторда, “Тожмот“ ўйини мантиқий фикрлашни талаб қилгани боис, ўқувчи-ёшларга математика фанини чуқурроқ ўзлаштиришга ёрдам беради. У ўйинчида доимо интилиш, олға юриш, режалар тузиш, кенгроқ, теран фикрлаш ҳамда математик ечимларни тезкорлик билан топиш каби хусусиятларни кучайтиради. Айниқса, кичик ёшдаги болаларга математика фанидаги мавзуларни тушунтиришда “Тожмот“ фойдалидир.

Мактабда бўлиб ўтган тадбирда “Тожмот”ни ўйнаш усуллари ўргатилди. Шунингдек, ушбу мактабларда “Тожмот“ тўгараги ташкил этилишига келишиб олинди, бир қатор ўқувчи-ёшларга “Тожмот” федерацияси томонидан “Тожмот “ўйини ҳамда сертификатлар топширилди.

Мазкур ўйинни кенг тарғиб қилиш мақсадида www.tojmot.uz веб-сайти ва t.me/tojmot телеграм канали ҳам ишга туширилган. “Тожмот“ ақл гимнастикаси интеллектуал ўйини бошқа таълим муассасаларида ҳам тарғиб этилади.