Янгиликлар

“Мўътабар аёл” кўкрак нишони муборак бўлсин!

3 март куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Илмий котиби Ноибахон Мамадалиева “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Мазкур кўкрак нишони билан жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизлар тақдирланадилар.

Ноибахон Мамадалиева 2018 йил 4 июлидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Илмий котиби сифатида фаолият кўрсатишни бошлади ва бугунги кунгача вазирликда фан йўналишлари бўйича 16 та ва стартап лойиҳаларини экспертизадан ўтказишга мўлжалланган Илмий-техник кенгаш фаолиятини ташкил этди. Илмий-техник кенгашга республикамизнинг 520 нафардан ортиқ юқори салоҳиятли академик, профессор, доцентларини аъзо сифатида, 200 нафардан ортиқ олимларни эксперт сифатида жалб қилди. Илмий-техник кенгашлар томонидан бугунги кунгача вазирлик томонидан молиялаштириладиган Давлат илмий-техник дастурлари доирасида бажарилаётган фундаментал, амалий, ёшлар, халқаро лойиҳалар, инновацион ишланмаларини мониторингини ўтказиш, ҳисоботларини тайёрлаш, вазирлик томонидан эълон қилинган амалий ва инновацион лойиҳалар танловига келиб тушган лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш, уларни молиялаштириш босқичига тавсия этиш бўйича ташкилий ишларни амалга ошириб келмоқда.

Н.Мамадалиева Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлдаги давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3837-сон Қарори ижросини таъминлаш мақсадида вазирликда Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш ишларини олиб борди ва кенгашга республикамизнинг 15 нафардан ортиқ нуфузли олимлари, давлат арбоблари, истеъдодли ёшлар, хизмат кўрсатган санъат арбобларини жалб қилиш ишларида фаол қатнашди.

Н.Мамадалиева шунингдек, вазирликнинг нашрий органи “Илм-фан ва инновацион ривожланиш” илмий журнали ва “Фан ва технологиялар” ёшлар учун илмий-оммабоп журналларининг жамоатчилик асосидаги масъул котиби бўлиб ҳам фаолият юритади.

Н. Мамадалиева 1991 йил Тошкент Давлат университети (ҳозирда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) ўзбек филологияси факультетининг кечки бўлимини тамомлаган. Мутахассислиги – филолог, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси. 1995 йилда Тошкент давлат Шарқшунослик институтининг араб филологияси факультетини тамомлаган. Мутахассислиги – шарқ филологияси, араб тили ва адабиёти ўқитувчиси. Филология фанлари доктори, профессор.

Ўзбек тили ихтисослиги бўйича “Абулғозий Баҳодирхоннинг “Шажарайи турк” асари лексик хусусиятлари” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган ва Хоразм хонлиги даврида яратилган асарларда эски ўзбек тилининг қўлланиш нисбати юқорилигини кўрсатиб берган. 2012 йилда “XVII асрнинг иккинчи ярми XIX аср биринчи ўзбек тили ёзма ёдгорликларининг лексик хусусиятлари” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Диссертацияга 6000 сўзликдан иборат икки томлик тадқиқот объекти бўлган давр лексик бирликларининг изоҳли этимологик луғатини тақдим қилган ва давр лексикасида эски ўзбек тили бирликлари етакчилик қилиши билан бир қаторда ислом динига оид ва ноанъанавий лексиканинг фаол қўлланилганлигини Қуръон оятлари ва ҳадислардан мисоллар ёрдамида кўрсатиб берган.

Н.Мамадалиева 70дан ортиқ республикамиз ва чет эл журналларида илмий мақолалари, 2 та монография, 1 та ўқув қўлланма, 3 та услубий қўлланма муаллифи.

Н.Мамадалиева меҳнат фаолияти давомида ўзининг салоҳияти, ёшларга меҳрибон устозлиги, ташаббускорлиги, масъулиятлилиги, жонкуярлиги, ҳалол, меҳнаткаш, талабчанлиги билан ажралиб туради ҳамда ҳамкасблари орасида ҳурмат қозонган.

Н.Мамадалиева оилали, 3 фарзанднинг меҳрибон онаси.

Инновацион ривожланиш вазирлиги жамоаси Ноибахон Сайдаминовнани ушбу юксак мукофот билан қутлайди! Юртимиз илм-фани ривожи йўлидаги меҳнатларида зафар ёр бўлсин!