Янгиликлар

Иқтидорли ёшларни илм-фанга кенг жалб этиш масаласи муҳокама этилди

Жорий йил 27 февраль куни Тошкент тиббиёт академиясида иқтидорли ёшлар учун “Иқтидорли ёшларни илм-фанга кенг жалб этиш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент тиббиёт академияси ҳамкорлигида Тошкент шаҳар тиббиёт олий таълим муассасалари иқтидорли талабалари учун ташкил этилган ушбу семинар аввалида иқтидорли талаба-ёшлар ўз илмий ишларининг тақдимотини ўтказдилар.

Семинарни Тошкент тиббиёт академияси ректори Лазиз Туйчиев очиб бергандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев “Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ” мавзусида маъруза қилди. Маъруза давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси ташкил этилганлиги, Ёшлар академиясига ўзларининг инновацион лойиҳалари ва ғояларига эга иқтидорли ёшлар ва талабалар, 40 ёшгача бўлган олимлар ва тадбиркорлардан ташкил топган жамоаларни танлов асосида қабул қилиш тўғрисида ва бошқа маълумотларга атрофлича тўхталиб ўтди.

Таълим ва соғлиқни сақлашга инновацияларни жорий қилиш ҳамда тадқиқ этиш бошқармаси бошлиғи, т.ф.д, доцент Худанов Бахтинур “Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасидаги инновациялар ва амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган имкониятлар” мавзусидаги маърузасида инновацион ишланмалар, грантлар танловини ташкил этиш, тиббиёт соҳасидаги инновациялар ҳақида маълумот берди.

Семинарда яна бир қатор инновацион ишланмаларга бағишланган маърузалар билан чиқишлар қилинди.

Семинар давомида иштирокчилар томонидан берилган кўплаб саволларга атрофлича жавоб берилди.