Янгиликлар

Ўзбек-ҳинд уруғчилик компанияси Самарқанд вилоятида ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири И. Абдураҳмонов “Nath Bio-Genes” компанияси вакиллари Нандкишар Кагливал ва Венкатеш Кулкарни билан учрашди. Томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида шериклик муносабатларини ўрнатиш борасидаги ҳамкорликдаги кейинги ҳаракатларни муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси ва Гужарат штати ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги Самарқанд вилоятидаги 20 гектар ер майдонида “Nath Bio-Genes”компанияси билан биргаликда элита уруғлик ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда.

Шу муносабат билан компания раҳбарияти Ҳиндистоннинг илғор технологияларидан фойдаланган ҳолда элита пахта чигитини ишлаб чиқариш, саралаш, қадоқлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган қўшма корхона ташкил этишга доир ташкилий масалаларни ўрганмоқда. Ташриф давомида Ўзбекистоннинг уруғчилик, ўсимликлар карантини ва қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган тегишли идоралари билан учрашувлар ўтказилмоқда.

Томонлар Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидаги “Mirzayev Shuxrat Kenjayevich” фермер хўжалиги билан биргаликда тўғридан-тўғри инвестициялар киритиш йўли билан ўзбек-ҳинд уруғчилик қўшма корхонасини ташкил этишга келишдилар. Мазкур қўшма корхона Ҳиндистон технологияларидан фойдаланган ҳолда пахта, маккажўхори ва бошқа турдаги сабзавот элита уруғликларини етиштиришдан то экспорт қилишгача бўлган ишлаб чиқариш жараёнини қамраб олади.

Ҳиндистон томони Ҳиндистон ва бошқа давлатлардан инвесторларни Ўзбекистонга кенгроқ жалб этиш мақсадида Ҳиндистоннинг йирик молиявий, ташқи иқтисодий ва саноат маркази бўлмиш Мумбайда Инновацион ривожланиш вазирлигининг ваколатхонасини очиш таклифини берди.

Таъкидлаш жоизки, “Nath Bio-Genes” компанияси 2020 йилнинг 24-25 февраль кунлари Андижон вилоятида бўлиб ўтган қишлоқ хўжалигидаги илғор технологиялар ва инновацион ишланмалар минтақавий кўргазмасида иштирок этди.