Янгиликлар

Малайзия билан Е-commerce ва саноат ишланмалари соҳасида ҳамкорлик ўрнатилади

Жорий йилнинг 17 декабрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Малайзия ишбилармон доираларининг мамлакатимизга ташрифи доирасида Малайзиянинг “Cloud Union” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Малайзия ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга ташрифидан мақсад республикада қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятини ўрганиш ва қўшма инвестиция лойиҳалари бўйича шартномалар тузишдан иборат. Ўзбек маҳсулотларини Малайзияга экспорт қилиш бўйича шартномалар тузиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

“Cloud Union” компанияси Жанубий-шарқий Осиёда электрон тижоратни ривожлантириш учун махсус электрон платформаларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Компания шунингдек онлайн банк хизматларини тақдим этиш учун дастурий таъминот ишлаб чиқади.

Учрашув натижаларига кўра Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Consumption Union Global Technology SDN BHD” компанияси ўртасида Англашув меморандумини имзолаш бўйича келишувга эришилди. Мазкур ҳужжат доирасида очиқ илмий-техник ахборот ва инновацион технологиялар алмашинуви, пилот, қўшма, ишлаб чиқиш ва технологик лойиҳаларни амалга ошириш, қурилиш-лойиҳалаш ишларини амалга ошириш бўйича тажриба ва мутахассислар алмашиш, электрон тижорат ва саноат ишланмалари каби йўналишларда ҳамкорлик кўзда тутилган.

Малайзия томони Ўзбекистон Республикаси ҳудудида техник ускуналарни, шунингдек, инновацион технопарклари билан қўшма лойиҳалар ва тадбирларни амалга оширишда кўмаклашишни ҳам режалаштирмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Ахборот хизмати