Янгиликлар

БАА давлат ва хусусий сектори вакиллари билан қўшма лойиҳалар амалга оширилади

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев бошчилигидаги делегациянинг Дубайга ташрифи чоғида Бирлашган Араб Амирликларининг давлат ташкилотларида “Future Foresight” механизмлари ва воситаларини ўрганиш мақсадида ушбу ташкилотлар мутасаддилари ҳамда қатор халқаро даражадаги хусусий бизнес секторининг вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди.

БААнинг Ёшлар ишлари бўйича давлат вазири Шамма Ал Мазруи ҳамда Федерал ёшлар маъмуриятининг бош директори Саэед Ал Назари билан бўлиб ўтган учрашув давомида, БААда яратилган “YouthHub”нинг фаолияти ва бу лойиҳанинг Ўзбекистон Республикасида амалга оширилиши истиқболлари ўрганилди.

О. Тўйчиев Бирлашган Араб Амирликларининг DGWorld компанияси тижорат ишлари бўйича директори Гаутам Ахужа билан учрашди. Музокаралар доирасида икки томонлама ҳамкорликка доир масалалар муҳокама этилди. Музокаралар натижасида Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда қўшма лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди.

DGWorld компанияси 2013 йилда Дубайда ташкил этилган бўлиб, БААда ва бутун Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасида биринчи Робототехника парки ва Демо марказини очган. DGWorld асосан мижозларимизнинг талабларига мувофиқ дастурлаш, концептуализациялаш, созлаш ва интеграция билан шуғулланади.

БААда “Future Foresight” механизмларини ўрганиш мақсадида Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум номидаги қуёш паркига ташриф буюрилди. Ташриф доирасида ушбу ташкилотнинг вице-президенти Жамал Шаҳен Ал Ҳаммади билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида қайта тикланадиган энергиянинг фойдаланиш амалиёти ўрганилди ва Ўзбекистон Республикасининг Навоий вилоятида қурилиши кўзда тутилган қуёш электр станцияси бўйича олиб борилаётган ишлар борасида фикр алмашилинди. Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум номидаги қуёш парки ўртасидаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш мақсадида англашув меморандумини имзолаш бўйича келишувга эришилди. Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида илмий изланишлар олиб бораётган магистр ва докторантларнинг ушбу паркда олиб борилаётган тадқиқотларда ва ишланмаларнинг жорий этилишида қатнашишларига шароит яратиладиган бўлди.

“SEED Group”нинг халқаро корхоналар бўйича директори Осама Смади билан учрашув ўтказилди. Учрашув давомида Ўзбекистон Республикасининг инвестицион салоҳияти тўғрисида маълумот берилди ва келгусида Ўзбекистонда IT соҳани ривожлантиришда қўшма лойиҳалар устида ишлашга келишилди.