Янгиликлар

Тошкент шаҳрида МДҲда ягона завод очилди

Жорий йилнинг 18 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Польшанинг “NOVOL ASIA” ҚК ўртасида имзоланган англашув меморандуми ижросини таъминлаш мақсадида полиэфир шпатлёвка ва полиэфир елим (мармар, гранит ва бошқа тошлар учун махсус елим) ишлаб чиқариш бўйича МДҲ мамлакатларида ягона бўлган заводнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ойбек Норинбоев, Польшанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Петр Ивашкевич, элчининг биринчи маслаҳатчиси Ежи Тимофеюк, ҳамда бошқалар иштирок этишди.

Меморандум доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “NOVOL ASIA”МЧЖ ҚК ўртасида технологиялар трансфери муваффақиятли амалга оширилди. Инвестицияларнинг умумий ҳажми 1.5 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

Таъкидлаш лозимки, полиэфир шпатлёвка ва полиэфир елим ишлаб чиқариш бўйича корхоналар Ўзбекистон Республикаси ва МДҲ давлатларида шу пайтгача мавжуд эмас эди. “NOVOL ASIA” МЧЖ ҚК томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулот импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган товардир.

Кўп функцияли полиэфир шпатлёвка автомобиль саноати ва автосозлаш устахоналарида, шунингдек мебель саноатида қўлланилиши мумкин. Мазкур шпатлёвканинг хусусиятларидан бири у ўзида тўлдирувчи ва безак берувчи шпатлёвкани мужассам этган.

NOVOL компанияси 1978 йилда ташкил этилган бўлиб, сўнгги йилларда у кичик корхонадан Польшада автомобилларни бўяш тизимларининг энг йирик ишлаб чиқарувчисига айланди. Юқори технологиялар асосида сифатли хом ашёдан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бозорда ўз ўрнини мустаҳкам эгаллади.