Янгиликлар

Дан Шехтман: чет элликлар табиий бойликларингиз учун инвестиция киритади, одамларингизнинг билим ва салоҳияти учун эмас

Технион-Исроил технология институти “Материалшунослик ва муҳандислик” кафедраси профессори Дан Шехтманнинг юртимизга ташрифи тўғрисида газетамизнинг олдинги сонларида хабар берган эдик. Дан Шехтман квазикристалларни кашф этгани учун 2011 йили кимё бўйича Нобел мукофоти совриндори бўлган. Ҳар йили ўттиздан ортиқ мамлакатда бўлиб, юзга яқин маъруза ўқийдиган, ёш олимлар билан мулоқотни севувчи олимнинг болалик хотиралари, ёшларни илмга қизиқтиришнинг ўзига хос усуллари ва юртимиз ҳақидаги таассуротлари билан қизиқдик.

— Жаноб Дан Шехтман, аввало, Ўзбекистонга хуш келибсиз! Болалик — инсон умрининг энг гўзал ва унутилмас даври ҳисобланади. Келинг, суҳбатимизни шу мавзудан бошласак. Болалигингиз ҳақида сўзлаб берсангиз...

Иккинчи жаҳон уруши даврида Исроилда туғилганман. Оиламиз тўрт кишидан иборат эди: ота-онам, укам ва мен. Мактабда намунали ўқиганман, лекин тенгдошларим орасида энг зўри эдим, деёлмайман. Биласизми, болалигимнинг энг ёрқин хотиралари бобом билан боғлиқ. У олим бўлмаган, лекин менга олимлик ва ҳаёт ҳақида кўп  китоб ўқиб берган. Биз у билан узоқ суҳбат қурардик. Бир сўз билан айтсам, бобом менга дунёга танқидий назар билан қарашни ўргатган. Бошланғич мактабни тугатгач, Исроилда ўртача мақомга эга мактабнинг юқори синфида таълим олдим. Мактабни тугатгач, ҳарбий хизматни ўтадим. Шундан сўнг Технион-Исроил технология институтининг механик муҳандислик йўналишига ўқишга кирдим. ва ҳозирга қадар шу даргоҳда фаолият юритяпман. Механик муҳандис бўлиш — болаликдаги орзум эди. Чунки ёшлигимда бобомнинг тавсияси билан жуда кўп китоб ўқиганман. Шулардан бири — “Орол синоати” деган асардан қаттиқ таъсирланганман. Бу китоб оролда қолган бешовлон ҳақида эди. Асар бош қаҳрамони жуда кўп ишларга қодир сеҳргарнамо киши қиёфасида гавдалантирилганди. Касби механик муҳандислик бўлиб, турли оғир вазиятлардан устамонлик билан чиқиб кетар, одамларнинг оғирини енгил қилар эди.  Мутолаадан сўнг шу қаҳрамон каби ақлли, уддабурон ва одамларга фойдаси тегадиган инсон бўлиш фикри менга тинчлик бермаган. Ҳаётдаги мақсадларимни аниқ белгилаб олишимга ҳам шу китоб туртки бўлган. Институтни тугатгач, икки йилгача иш тополмадим. Орада оила қурдим, таълимни магистратура йўналишида давом эттира бошладим. Буни қарангки, бир куни менга катта маошли иш таклиф қилишди. Тасаввур қилинг, ўшанда бир корхонанинг катта муҳандиси бўлиб иш бошлаганимда ҳозир катта-катта корпорацияларни бошқаришим, балки йирик тадбиркорга айланишим мумкин эди. Аммо мен бу имкониятни рад этдим. Чунки бу пайтда илмий изланиш олиб боришни, ўқишни давом эттиришни танлаб бўлгандим.

— Оилангиздаги тарбия хусусида гапирсангиз. Ота-онангизнинг қайси ҳаётий тамойиллари, тарбия борасидаги тутумлари сизни шундай муваффақиятга етаклаган, деб ўйлайсиз?

— Энг аввало, бир-бирига меҳрли инсонлар оиласида туғилиб, камолга етганимнинг ўзи илк ютуғимдир. Ота-онам арзимас ютуғимни ҳам юқори баҳолашар, тез-тез бағирларига босиб, эркалашарди. Шу тариқа менда ўзимга ишонч туйғусини уйғотишган, деб ўйлайман. Яна бир муҳим жиҳат: касб танлаш борасида улар мени жуда эркин қўйишган. Ота-онам мени бирор касб ёки соҳага йўналтирмаган, фалон соҳани эгаллашинг шарт, деб мажбурламаган. Отамнинг менга “Ўзинг истаган қайси соҳани танлама, биз ҳар бир қарорингни қўллаб-қувватлаймиз” деган гаплари ҳеч қачон хотирамдан ўчмаса керак. Тўғри, ўша пайтда қизиққан соҳамни танласамми-йўқми деган иккиланишлар мени роса қийнаган. Тўғриси, ота-онамдан туртки бўлишини жуда истаганман. Шундан келиб чиқиб, баъзан ота-она керакли ўринларда болага йўналиш ҳам бериб туриши керакмикан, деб ўйлаб қоламан. Лекин улар мени бирор соҳага мажбуран йўналтиришганида, эҳтимол, бундай ютуқларга эришолмасдим...

— Биламиз, спортчилар бирор натижага эришиш учун мунтазам, кунига саккиз соатдан кўп шуғулланиши шарт. Айтинг-чи, сиз илмий иш устида изланишга кунига неча соат ажратгансиз?

Олимлар учун вақтнинг чегараси йўқ. Олим оддий ишчи тартиби ишга бориб-келса, демак, у ҳақиқий илм эгаси эмас. Баъзан ярим тунгача ишлаган пайтларим бўлган. Биласизми, турмуш ўртоғим ҳам илм билан шуғуллангани учун бир-биримизни тўғри тушунганмиз, қўллаб-қувватлаганмиз. Айрим пайтлари кечки овқатга келмасам, у мендан аразламас эди. Рафиқам тўрт нафар фарзандни дунёга келтирди, мен илм билан машғул бўлиб, болаларим билан кўп мулоқот қилолмаган пайтларим тарбияни ўз бўйнига олди. Ҳозир фарзандларимиз ўз соҳасининг керакли мутахассислари бўлиб етишишди. Биз эса турмуш ўртоғим билан касбий ўсиш борасида мувозанатни ушлашга ҳаракат қилардик: аввал мен, кейин у PhD ва докторлик дессертацияларини ёқладик. Хуллас, илмий тадқиқотга киришар эканмиз, ҳамма нарсани унутиб, керак бўлса, воз кечиб, шу оламга шўнғисак, ана шунда кутилган натижага эришамиз.

— Илм оламига кириб келган ҳар бир ёш тадқиқотчи мавзу танлаш масаласида қийналади. Мавзу танлашда ёш изланувчилар нималарга эътибор қаратиши керак, деб ўйлайсиз?

Энг аввало, тадқиқотчи қўл уришни истаган илмий изланишим одамларга қандай наф келтиради, деган саволга жавоб топиши керак. Аниқ ёки табиий фанлар бўйича тадқиқот олиб боришни мақсад қилган ёшларга, аввало, биология фанини қунт билан ўқишни маслаҳат берган бўлардим. Негаки, у жуда мукаммал ва саволларининг охири йўқ фан. Биология бизга касалликлар ҳақида билимга эга бўлиш, тиббиёт соҳасини ривожлантириш, аҳоли саломатлигини сақлаш, ҳаётини яхшилашда катта ёрдам беради.

Илм — уммон каби чек-чегарасиз. Уни эгаллашга бизни қизиқишларимиз етаклайди. Танқидий ва ноодатий фикрлашни қандай шакллантириш мумкин?

— Олим ҳар бир ҳодисага танқидий назар билан қараши керак. Шуни билингки, танқидий фикрлаш эркин фикрлашдан бошланади. Эркин фикрлаш нима дегани? Бу бирор фикрни билдириш чоғида ҳеч нарсадан чўчимасликдир. Ҳеч қандай тақиқ ва жазоларсиз ўз сўзингни айта олиш ноодатий фикрлашга йўл очади. Бу яна нимага боғлиқ? Сизу биз яшаётган жамиятга, унда демократик тамойилларга қай даражада амал қилинишига боғлиқ. Креативлик фикрлар хилма-хиллиги асосида шаклланади. Германия, Жанубий Корея, Япония каби мамлакатларда бу борада биз ўрнак олишимиз мумкин бўлган тамойиллар шаклланган: уларда фуқаролар турлича ўйлайди ва буни жамиятга етказа олади.

— Китоблар содиқ ва ҳақиқий дўстларимиздир. Юқорида айтганингиздек, касб танлашингизда ҳам айнан китоб тўғри йўл кўрсатган. Илм оламида юқори чўққини забт этган инсон сифатида ёшларга қайси китобларни ўқишни тавсия этасиз?

— Китоб ёшга қараб танланади. Инсон неча ёшда бўлишидан қатъи назар, фикрини чархлаб туриш учун ҳам мутолаадан тўхтамаслиги керак. Ёшлар учун, биринчи навбатда, Жюл Верн асарларини ўқишни тавсия қиламан. У классик адабиёт бўлса-да, ажойиб. Болаларда танқидий фикрлашни шакллантиришга ёрдам беради. Қолаверса, Чарлз Диккенснинг асарлари ҳам бетакрор. Улар ҳам фарзандларимизнинг қалбини очади. Бўлажак олим учун фантастик китобларни мутолаа қилиш ҳам муҳим деб ҳисоблайман. Етук олимлар ҳаёти ҳақидаги асарлар эса ёш тадқиқотчиларга мотивация вазифасини ўтайди, назаримда. Чунки ўзидан олдинги илм аҳлининг эришган ютуқлари, қилган кашфиётларидан бохабар бўлган бола эртага шу ишлар ўзининг ҳам қўлидан келишига ишона бошлайди. Ва ниҳоят, инглиз тилидаги адабиётларни ўқишни тавсия этаман. Сабаби, фақатгина олим эмас, балки дунёга чиқишни истаган барча соҳа вакиллари ҳам инглиз тилини мукаммал ўрганиши жуда муҳим, деб ҳисоблайман.

— Ижтимоий тармоқлардан қай даражада фойдаланасиз? Кунига қанча вақтингизни интернетга сарфлайсиз?

— Дунё олимлари билан мулоқот қилишда электрон почта хизматидан фойдаланаман. Бу мен учун жуда қулай. Кун давомида интернетдаги янгиликларни ўқиш учун бир неча бор қўл телефонимни текшириб тураман. Афсуски, бугунги авлод интернетга муккасидан кетган. Дунёнинг қайси бурчагига бормай, бу ҳолатни кўриб, хавотирга тушаман. Ўн икки нафар неварам бор. Уларни ҳам интернет ўз домига тортиб кетишидан ташвишланаман. Мен уларга кўпроқ китоб ўқиш кераклигини уқтираман.

— Маълумотларга қараганда, Нобел мукофоти совриндорларининг кўпи Япония ва Исроил фуқаролари экан. Шу фикрга қандай қарайсиз?

— Гапингиз тўғри. Бизнинг мамлакатдан жуда кўп Нобелчилар етишиб чиққан. Агар Ғарбга назар ташласак, бу борада АҚШ етакчилик қилади. Яна, Англия, Германия, Франция, Швеция каби давлатларда ҳам бу мукофот совриндорлари талайгина. Нега айнан бу мамлакатлар етакчи? Биринчи сабаб илмга жуда катта маблағ йўналтирилганидир. Бу борада юқорида санаб ўтилган давлатлар қаторига Исроилни ҳам бемалол кирита оламан. Иккинчи сабаб эса инсон капиталини ривожлантиришга бўлган эътибор. Эътибор берган бўлсангиз, бу мамлакатларда инсон капиталини бойитиш мактабгача таълим муассасаларига қаратилган эътибордан бошланади. Бизнинг мамлакатда илмга йўналтириш айнан боғчадан бошланади.

— Юртимизга ташриф доирасида олий таълим муассасалари қатори Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар фаолияти, ўқувчилари билан ҳам танишдингиз. Нима деб ўйлайсиз, бизнинг ўқувчилар орасидан ҳам келгусида Нобел мукофоти совриндорлари етишиб чиқармикан?

— Шуни билишингизни истардимки, Нобел мукофотигача ёш тадқиқотчиларингиз дунёга чиқиши, ўз йўналишида жаҳоннинг камида ўнлаб мукофотларини қўлга киритиши, бутун умр изланиши ва инсониятга фойда келтирадиган кашфиётни қилиши керак. Ўзимдан мисол қилиб гапирсам, квазикристалларни кашф этганимдан ўттиз йил ўтгачгина бу мукофотга лойиқ кўрилдим. Шу ўттиз йил давомида Ғарбнинг турли совринларини қўлга киритдим. Айтмоқчиманки, Нобель — энг сўнгги эътироф. Унгача анча тер тўкиш шарт. Ёш авлодга шуни тушунтиришимиз керак. Исроилнинг 9 миллион аҳолиси бор. Сизники эса 30 миллиондан ошиқ. Бизда шу тўққиз миллионнинг атиги 2 фоизигина қобилиятли деб тарбияланади. Бизда махсус мактаблар йўқ. Оддий мактаблар ичида махсус синфлар бор, холос. Ўқувчилар ҳафтада камида бир маротаба тадқиқот марказларига бориб, ўзлари қизиққан бирор тажриба устида ишлашади. Боғча ёшидан то университетдаги таҳсилгача болаларга шу каби имкониятлар яратиб берилади. Бундан ташқари, илмий иш устида изланаётган ўқувчи ёки талаба борми, унинг хорижлик олимлар билан мулоқот қилишини ҳам таъминлаб берамиз. Шу тариқа бизда илм ривожланади, тараққий этади. Юртингизда махсус мактабларнинг мавжудлиги жуда катта ютуқ, аслида.

— Ўзбекистон ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— Бу юртингизга илк ташрифим. Саёҳат давомида Ўзбекистон тарихи, маданияти ва одамларини ўргандим. Қаерга бормай, ўзбек одамлари меҳмондўстлиги, хушмуомалалиги билан менда катта таассурот қолдирди. Айниқса, ўзбек таомлари менга жуда маъқул бўлди. Суҳбат якунида шуни айтмоқчиманки, Ўзбекистонда илм қилиш учун ҳам, фан тараққиётига улкан маблағ ажратиш учун ҳам имкониятлар, табиий ресурслар етарли. Фикримча, жаҳон тажрибасидан андоза олиш, ривожланган мамлакат олимлари билан мулоқот қилиш учун энг биринчи қадам инглиз тилини ўрганишдир. Масалан, менинг она тилим инглиз тили эмас, шу жумладан, сизники ҳам. Лекин биз мулоқот қиляпмиз, тажриба алмашяпмиз. Шу сабабли дунё илм саҳнига йўл инглиз тили орқали очилади. Шуни унутмангки, чет элликлар табиий бойликларингиз учун инвестиция киритади, одамларингизнинг билим ва салоҳияти учун эмас. Унга ўзингиз пул тикишингиз зарур ва шарт!

Соҳиба МУЛЛАЕВА суҳбатлашди.

"Маърифат" газетаси, 2019 йил 16 ноябрь, № 89 (9258)