Янгиликлар

Ўзбекистон олимлари томонидан яратилган биоўғит турлари тижоратлаштирилмоқда

Ўзбекистон фанлар академиясининг Микробиология институти олимлари иштирокида қишлоқ хўжалиги учун биоўғитнинг янги “Fosstim” ва “Rizokom” турлари яратилди. Бу “Green biotech” АҚШ-Ўзбекистон қўшма корхонасининг дастлабки фаолияти натижасидир. Институт томонидан яратилган ва патентланган экологик жиҳатдан хавфсиз бўлган биоўғитлар ўсимликлар касалликлари ва зараркунандаларига қарши комплекс курашиш хусусиятга эга бўлиб, дунёда унинг аналоги мавжуд эмас. Кимёвий моддалар ўрнига микроорганизмлар ва биологик технологиялар асосида яратилган биоўғитлар қишлоқ хўжалигида пестицидлардан фойдаланишни бартараф этади, тупроқ унумдорлигини оширади, ўсимликлар касалликлари ва зараркунадаларига қарши курашади.

“Green biotech” МЧЖ ҚК Инновацион ривожланиш вазирлиги ва кейинчалик инвестор бўлган “Biotech Invest Group” LLC АҚШ компанияси ўртасида Меморандум имзолангач, Ўзбекистон фанлар академиясининг Микробиология институти билан биргаликда атшкил этилган инновацион компаниядир. Мазкур лойиҳани молиялаштириш учун 9,6 млрд. сўм инвестиция киритилган бўлиб, ишланмадан кутилаётган йиллик даромад эса 7,5 млрд. сўмни ташкил қилади. Ҳозирда ФА Микробиология илмий тадқиқот институтининг ўртача йиллик даромади 472,5 млн. сўмлигини инобатга олсак, инновацион маҳсулотдан олинадиган фойданинг кўламини тасаввур қилиш мушкул эмас.

Лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки босқичида ишлаб чиқариш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ўрнатилди. Бунинг учун хорижий инвестор 1,7 млрд. сўм ҳажмида инвестиция киритди ва ойига 1000 литр биоўғит ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, маҳсулотни тижоратлаштириш жараёни бошланди.

– Лойиҳа хорижий инвестор пул маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда, – деди Тупроқ микробиологияси ва биотехнологияси лабораторияси мудири, биология фанлари доктори, профессор Гулнора Жуманиёзова. – Мазкур биоўғит турлари ғўза, буғдой, сабзавот-полиз экинлари ва картошка уруғларига экишдан олдин ишлов беришда қўлланилади ҳамда шўрланган тупроқларнинг унумдорлигини ва қишлоқ хўжалик экинларини ҳосилдорлигини ошириш учун тавсия қилинади.

Шундай қилиб, Ўзбекистон фанлар академиясининг Микробиология институти ва “Green biotech” МЧЖ ҚК инновацион компанияси томонидан “Fosstim” ва “Rizokom” деб номланган кучли биоўғит ва биостимуляторларнинг янги авлоди яратилди ва уни тажрибавий ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Унинг ишлаб чиқариш қуввати 2 млн. гектардан ортиқ ерни таъминлашга етади. 2019 йилда мазкур биоўғитлар буғдой экинларида синовдан ўтказилиб, кутилгандан ортиқ ижобий натижалар олинди: кимёвий ва минерал ўғитлар сарфи қисқарди, тупроқ ва ўсимликларнинг фосфорланиш, шўрланиш, метатоксин билан ифлосланиш даражаси пасайди ва шўрланган ерларнинг унумдорлиги кўтарилди ҳамда атроф-муҳит ҳолати яхшиланди; суғориш сувининг сарфи 30 фоизга камайди ва бунда қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги 30-50 фоиз кўпайди. Буларнинг барчаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг оширилишига олиб келди.