Янгиликлар

Болалар аллергологларининг I-халқаро илмий-амалий анжумани ўз ишини бошлади

18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида Болалар аллергологларининг I-халқаро илмий-амалий анжумани ўз ишини бошлади. Анжуманда юртимиз ҳамда Австрия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Украинанинг аллергология бўйича энг илғор олимлари, шифокорлари иштирок этмоқдалар.

Тадбирнинг очилиш маросимида Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шароф Ражаббоев халқаро анжуман қатнашчиларини қутларкан, мазкур тадбир нафақат шифокор ва олимлар, балки республикамизнинг барча аҳолиси учун муҳим эканини таъкидлади.

– Болалар саломатлиги – келажагимиз гаровидир, – деди Ш. Ражаббоев. – Давлатимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тиббий хизматлар сифатининг ошишига хизмат қилмоқда. Қўйилган вазифаларни бажаришда Инновацион ривожланиш вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларни ўрнатган. Бугунги кунда Давлат илмий-техник дастури доирасида соғлиқни сақлаш соҳасида 38 490,9 млн сўмлик 148 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Дарҳақиқат, жамиятнинг бугунги тезкор тараққиёти даволаш ва диагностика йўналишларида эришилган дунёдаги энг замонавий илмий ютуқлар, стандартлар ва усулларни ҳар кунлик тиббиёт амалиётига жорий қилиш заруриятини тақозо этади. Аллергик касалликлар бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам тобора кенг тарқалиб бормоқда, бу эса ўз навбатида жамиятимизнинг энг нозик қатлами – болаларга зарар етказмоқда.

Конференцияни ўтказишдан мақсад болалар аллергологиясида сўнгги йилларда эришилган натижалар ва келажакдаги истиқболларни муҳокама қилишдир. Бунда болалар аллергологияси ва иммунологияси соҳасиудаги ҳудудий муаммоларга алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилган. Болалар ва ўсмирларга аллергологки ва иммунологик тиббий ёрдам кўрсатишдаги камчиликларни бартараф этиш бўйича тадбирлар режаси ҳамда Ўзбекистон Республикасида аллергологик хизматни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Конференция ишида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг халқаро маслаҳатчиси, Вена шаҳридаги Тиббиёт Университети Патофизиология ва Аллергия тадқиқотлари Департаменти илмий ходими, Молекуляр аллергология ва иммунология бўйича университетларнинг Халқаро платформаси вице-президенти (Вена, Австрия), EAACI - Европа аллергологлар ва клиник иммунологлар Академияси, ÖGAI - Австрия аллергологлар ва иммунологлар жамияти аъзоси, тиббиёт фанлар доктори, профессор Виктория Гариб ҳам иштирок этади.

Виктория Гариб анжуман доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Халқаро молекуляр аллергология маркази томонидан 19 октябрь куни ташкил этилган молекуляр аллергология бўйича тренинг-симпозиумга бошчилик қилади.