Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлигининг ишчи гуруҳи Фарғона вилояти умумтаълим мактабларини ўрганмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлигининг ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилояти Данғара туманида мавжуд 41 та умумтаълим мактаблари ўрганилмоқда. Мактабларда мавжуд муаммолар юзасидан Халқ таълими вазирлиги ва юқори турувчи органларга муаммоларни ечими юзасидан таклиф ва тавсиялар берилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шароф Ражаббоев ва Данғара тумани ҳокими С.Аминжонов тумандаги мактабларда “Ҳоким соати”, “Тадбиркор ва банкирлар сабоғи” мавзуларида ўқувчилар билан учрашувлар ўтказди.

Ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича Данғара туманининг 3 та мактабида (4, 30, 14-сонли) Қўқон педагогика институтининг катта педагогик тажрибага эга бўлган профессор-ўқитувчилари томонидан ўзбек тили ва адабиёти, инглиз тили, тарих фанларидан ўқув-машғулот семинарлари ўтказилди. Мазкур дарслар ОТМлардан бириктирилган профессор-ўқитувчилар томонидан янги педагогик технологиялар ва инновацион услублардан фойдаланилган тарзда ташкил этилди.

Вазирлик ходимлари томонидан туманнинг барча мактабларидан математика, физика, кимё ва биология фанига қизиқувчи 10, 11-синф ўқувчиларидан иборат гуруҳ шакллантирилиб, Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалига, Фарғона политехника институтига, ТАТУнинг Фарғонадаги филиалларига таълим муассасалари билан яқиндан таништириш мақсадида саёҳат уюштирилди. Олий таълим муассасаларига саёҳатни ташкил этиш ишлари Инновацион ривожланиш вазирлигининг Давлат ва жамият қурилишига инновацияларни жорий этиш бошқармаси билан Фарғона вилоятидаги барча ОТМлар проректорлари ҳамда директор ўринбосарлари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Мазкур саёҳатларни давомийлигини таъминлаш мақсадида ОТМ профессор-ўқитувчилари томонидан ҳар ойда камида 2 марта қўшма дарс машғулотларини ўтказиш юзасидан туман халқ таълими бўлими, ОТМ проректорлари ва вазирликнинг ходимлари томонидан дарс жадваллари шакллантирилди.

Бундан ташқари, тумандаги иқтидорли ёшлар билан сайёр учрашувлар ўтказилиб, уларнинг рўйхати шакллантирилиб борилмоқда. Мазкур хизмат сафарида амалга оширилаётган амалий ишлар тумандаги мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларининг илм-фанга, билим олишга интилишларини ошишига хизмат қилмоқда.