Янгиликлар

Эксперт: “Глобал инновацион индекс мамлакатнинг иқтисодий ривожланганлиги ва экспорт даражасига боғлиқ”

Иқтисодчи-олим Рауфхон Салахожаев Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби, БМТ Тараққиёт дастури томонидан ташкил этилган Бошқарув инновациялари кунлари доирасида Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индексга киришининг аҳамияти ҳамда топ-50 га кириш учун Ўзбекистонинг мавқесини оширишга имкон берувчи омилларни фаоллаштириш борасида тақдимот-маъруза қилди.

Глобал инновацион индекс (The Global Innovation Index) – бу улкан тадқиқот бўлиб, унда инновацион ривожланиш даражасига кўра дунё мамлакатлари рейтинги тузилади. Франциянинг INSEAD халқаро бизнес-мактаби усули билан ҳисобланади. Глобал инновацион индекс иқтисодий ривожланишнинг турли босқичларида бўлган давлатларнинг инновацион ривожланишини батафсил таснифловчи 82 та кўрсаткичдан ташкил этилган. Шу боис Индекс икки гуруҳ кўрсаткичларининг солиштирма миқдори сифатида ҳисобланади. Биринчи гуруҳ инновациялар учун мавжуд ресурслар ва шароитлар (Innovation Input) институтлар, инсон капитали, тадқиқотлар, инфратузилма, ички бозор ва тадбиркорликнинг ривожланганлигини ўз ичга олади. Иккинчиси эса инновациялар бўйича эришилган амалий натижалар (Innovation Output) бўлиб, у технологиялар ва илм-фаннинг ривожи, ижодий фаолият натижаларидан иборатдир.

Шундай қилиб, якуний индексда харажат ва натижалар ўртасидаги ўзаро нисбат келиб чиқади, бу ўз навбатида у ёки бу мамлакатда инновациялар ривожланишига сарфланган харажатларнинг самарасини объектив баҳолаш имконини беради.

Рауфхон Салахожаев ўз чиқишида Глобал инновацион индекс мамлакатнинг иқтисодий ривожланганлиги даражаси ва экспорт даражасига боғлиқ эканини қайд этди. Шу билан бир қаторда Ўзбекистон инновацион ривожланиши учун қуйидаги тўртта соҳага алоҳида эътибор берилиши зарурлиги қайд этилди, булар: илмий фаолиятни рағбатлантириш, капитал бозорини ривожлантириш, таълим соҳасида сифатли ислоҳотлар ҳам АКТ секторини ривожлантириш.