Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалига ташриф буюрди

2019 йил 17 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали мутасаддилари, профессор-ўқитувчилари ҳамда ходимлари билан учрашув ўтказди. Филиал илмий ишлар ва инновациялар бўйича директор ўринбосари Э.А.Бердиев олий таълим муассасаси фаолияти билан таништирди, сўнг профессор-ўқитувчилар ҳамда ходимлар иштирокида учрашув ўтказилди.

Вазир бугунги кунда республикамизда илм-фан ва инновация соҳасида олиб борилаётган кенг миқёсдаги ишлар борасида ўз фикрларини билдирди. Жумладан, 2020 йил учун таянч докторантура ва докторантурага қабул қилиш электрон тарзда амалга оширилганини таъкидлади, бу ўз навбатида мазкур жараённинг самарадорлигини оширишга, шаффоф ва коррупциядан холи бўлишига хизмат қилишини таъкидлади.

Шунингдек, фундаментал ва амалий давлат грантлар тўғрисида тушунча берилди. Бугунги кунда вазирлик томонидан хар ойда грант лойиҳалар танловлари бўйича эълонлар берилаётгани ва ушбу танловларда филиалда фаолият юритаётган ёш олимлар қатнашиши зарурлиги қайд этилди.

Учрашувда иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган саволлари билан вазирга мурожаат қилдилар. “Тиббиёт касбига кириш ва пропедевтика курси” кафедраси мудири, тиббиёт фанлари номзоди Р.З.Мадиев: “Кардиохирургия соҳасида Гемодинамик коррекция” лойиҳаси бўйича, Филиал Ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Ў.Р.Файзиева Сурхондарё вилоятига хос климатик хусусиятлари таъсири асосида келиб чиққан касалликларни олдини олиш бўйича грант лойиҳалар бўйича қатнашиш имкониятлари тўғрисида, “2-тиббий биологик фанлар” кафедраси мудири, тиббиёт фанлари номзоди К.Х.Ахмедов “Фундаментал фанлар бўйича мавжуд грантлар” борасида, “1-тиббий биологик фанлар” кафедраси мудири, биология фанлари номзоди З.А.Нурова грант лойиҳаларини топшириш тартиби ҳақида, Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Ш.А.Ходжакулова Замонавий мобил телемедицина бўйича саволлар бердилар.

Инновацион ривожланиш вазири барча саволларга жавоб бериб, мавжуд муаммоларни ечишда кўмак берилишини, юртимиз илм-фани ва инновацион ривожига ҳисса қўшиш йўлида меҳнат қилаётган олимлар ва тадқиқотчилар вазирлик томонидан қўллаб-қувватланишини алоҳида таъкидлади. Бу борада вазирлик ҳузурида янги ташкил этилган Ёшлар академияси ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга ёрдам бериши ҳақида сўзлаб, инновацион ғоялар, лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш, иқтидорли талабалар, ёш олимлар ва тадбиркорларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш бугунги кун талаб экани айтилди.