Янгиликлар

София технопарки ва “Яшнобод” инновацион технопарки ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров Болгарияда бўлиб ўтган ўзбек-болгария бизнес-форумида иштирок этиш асносида София технопаркига (Sofia Tech Park) ташриф буюрди.

Ўзбекистон делегацияси София технопарки ютуқлари, хусусан киберхавфсизлик лабораторияси ва София технопаркининг лаборатория мажмуасига кирувчи 3D-ижодкорлик ва тезкор прототиплаш янги маҳсулотлари лабораторияси фаолияти билан танишди. Мажмуа 11 та лабораториядан иборат бўлиб, унда илмий тадқиқотлар олиб борилади, янги бирикмалар ишлаб чиқилади, юқори самарали ҳисоб-китоблар амалга оширилади, янги маҳсулотларни тезкор прототиплаш, ақлли маълумотларни олиш учун суперкомпьютерлардан фойдаланиш бўйича тажрибалар ҳам айнан шу лабораторияларда амалга оширилади.

Таъкидлаш жоизки, София технопарки, Болгариядаги илк технологик парк бўлиб, академик жамоатчилик, тадбиркорлар, ҳукумат ва жамият ўртасида билимлар ҳамда ғоялар алмашинуви учун махсус платформа сифатида яратилган. Паркда Бизнес-инкубатор, юқори технологияли лабораториялар комплекси, “Жон Атанасов” инновацион форуми, Techno MagicLand болалар марказини ўз ичига олган музей/тажрибахона жойлашган, бундан ташқари 500 жойли кўп қаватли паркинг, спорт маркази,спорт билан шуғулланиш мумкин бўлган яшил зона, ҳовузлар, фавворалар, сайр йўлаклари, кўм-кўк дарахтзорлар мавжуд.

Шунингдек, ўзбекистонлик меҳмонларига “Techno MagicLand” интерфаол болалар маркази намойиш этилди. Ушбу “илм-фан билан алоқалар” маскани болаларни илм-фанга қизиқишларини ошириш учун мўлжалланган услубий қўлланмаларни синовдан ўтказади.

Ташриф ва учрашув якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Яшнобод” инновацион технопарки ва “Sofia Tech Park” ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Унга кўра кўра, София технопарки билан ҳамкорликда “Яшнобод” инновацион технопаркида илмий-ишлаб чиқариш лабораторияларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Томонлар, шунингдек, инновацион лойиҳалар ва технологиялар трансферини биргаликда амалга оширишга келишдилар. Шу билан бир қаторда ўзбекистонлик ёш олимларнинг Болгарияда амалиёт ўташлари, инновацион тадбиркорликни янада ривожлантириш учун бизнес-инкубация ва стартап лойиҳаларини илгари суриш соҳасида тажриба алмашилади.