Янгиликлар

Бошқарув инновациялари кунлари: катта маълумотлардан блокчейнгача

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби, БМТ Тараққиёт дастури томонидан ташкил этилган Бошқарув инновациялари кунлари доирасида хорижий ва маҳаллий экспертлар томонидан семинарлар ўтказилмоқда, маърузалар ўқилмоқда, муҳокамалар қизғин кечмоқда.
 
Корея Республикасидан ташриф буюрган Жинвон Хо электрон ҳукумат бўйича мутахассис бўлиб, у “Давлат хизматлари учун катта маълумотлар” мавзусида чиқиш қилди. Проф. Жинвон Хо Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳузуридаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази учун World Friends Korea (WFK) дастурида электрон ҳукумат бўйича маслаҳатчидир.
 
Бугунда рақамли оламда 2.7 зеттабайт ҳажмдаги маълумотлар мавжуд. Бутун дунё бўйлаб ҳар дақиқада 150 мингга яқин электрон хат жўнатилади, Фейсбук ижтимоий тармоғига 3,3 миллионта пост қўйилади, Гугл тизими орқали 3,8 миллионта қидирув, Инстаграм орқали 65 мингдан зиёд фотосурат, Ютуб орқали 500 соатлик видеоёзувлар жойлаштирилади. Бу ҳар дақиқада қўйиладиган маълумотлар холос!
Катта маълумотлар бу технологиялар эмас, балки сунъий интеллект, маҳсулот интернети каби янги технологиялар билан ҳамкорлик учун хазина бўлиб, муҳими ундан фойдалана билишдир. Ўта йирик ва мураккаб маълумотлардан маълум билимларни олиш ва зарур ахборотларга эга бўлиш мумкин, ўз навбатида бундай ахборотлар янги қонуниятларнинг кашф этилишига сабаб бўлади. Маълумотлар билимга айланади, ҳаётимизни ўзгартиради, стратегияни белгилайди, танлов йўналишини аниқлайди, бошқа фанлар ва технологиялар ва ижтимоий тадқиқотларни амалга оширишга ёрдам беради.
 
Жинвон Хонинг фикрича катта маълумотларни тўплаш, саралаш, сақлаш учун ва улардан фойдаланиш учун маблағдан ташқари малакали кадрлар керак. Бунда давлат хизматчиларидан инновацияларни қабул қилиш салоҳияти талаб этилади. Тадбир иштирокчилари блокчейннинг жорий этилиши Ўзбекистон рақамли ривожланиш стратегиясининг такомиллаштирилишига қандай таъсир кўрсатишини муҳокама қилдилар.
БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва Марказий Осиё бўйича бюроси мутахассиси Роберт Пашичко “Блокчейн ва ривожланиш” борасида маъруза қилди. Унинг фикрича, 2027 йилга келиб жаҳон ялпи ички маҳсулотининг ўн фоизи блокчейн технологиясида сақланади. Блокчейн бир-бирига нотаниш одамларнинг умумий ёзувларга ишонишига имконият яратади. Блокчейн молиявий амалиётларни, жумладан пул ўтказмаларини қулай, хавф-хатардан холи ва ортиқча харажат қилмай амалга ошириш имконини беради. Бу технологиядан нафақат банк-молия соҳасида, балки логистика ва энергетикада, кадастр хизматларини кўрсатишда, сайлов компанияларини онлайн тарзда ташкил этишда фойдаланиш мумкин.
 
Бошқарув инновациялари кунлари доирасида, шунингдек, “Ақлли шаҳар” концепциясининг инновацияларни жорий этилишига таъсири ва аҳоли турмуш даражасини белгилаши ҳақида муҳокамалар бўлди. Танқидий ва стратегик фикрлаш масалалари кўриб чиқилди. Шаҳарларда қуёш энергиясидан фойдаланиш, ўрмонлар ва боғларни тиклаш, блокчейн ёрдамида озиқ-овқат маҳсулотларини назорат қилиш масалалари қатнашчиларнинг баҳсу мунозараларига сабаб бўлди.