Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги мутасаддилари Андижон вилоятидаги мактаблар фаолияти билан танишдилар

Республикамизда мактаблардаги камчиликларни тузатиш, таълим сифатини ошириш учун олий таълим муассасалари, ота-оналар, кенг жамоатчиликнинг иштироки ва ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида айни кунларда Андижон вилоятининг барча туманларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, турли вазирлик ва ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ўз фаолиятини бошлади.

Жорий йилнинг 16 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги бўлим бошлиғи Жаҳонгир Мусаев ҳамда Андижон давлат университети ректори Акрамжон Юлдашев Балиқчи туманидаги бир нечта умумтаълим мактабларида бўлиб, таълим сифатини ошириш, ўқув-услубий, маънавий-маърифий, илмий-услубий ҳамкорлик ҳолатини ўрганиб, тегишли тавсиялар бердилар.

Ишчи гуруҳ вакиллари дастлаб тумандаги 15-умумтаълим мактабига ташриф буюрди. Мактабда ўтказилаётган очиқ дарс жараёнини кузатдилар. Университет ректори мактабларда таълим жараёнига инновацион педагогик технологияларни жалб этиш борасида Андижон давлат университети Педагогика кафедрасининг тажрибали профессор-ўқитувчиларини бириктирилишини билдирди. Ж. Мусаев эса умумтаълим мактабларнинг 8-синф ўқувчилари учун география фанидан тайёрланган инновацион дарсликни тақдим этиб, китобнинг хар бир мавзусидан ўрин олган QR кодлар орқали турли қизиқарли (харита, диаграмма, инфографика, аудио, видео, матн кўринишидаги) маълумотлар билан танишиш мумкинлигини намойиш этди.

Шунингдек, улар мактабда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилган “Она тилим – қалбим қуёши” номли бадиий кечада иштирок этиб, она тилимизни ўқитишнинг муҳим жиҳатлари бўйича ўз фикрларини билдириб ўтдилар.

Кейинги ташриф тумандаги рус тилида таълим беришга ихтисослашган 39-умумтаълим мактабига бўлди. Мактаб ўқувчилари томонидан бешта муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган гимнастика бўйича ўқувчилар чиқишлари, ёш рассомларнинг бадиий ижод намуналари намойиш этилди. Ишчи гуруҳ аъзолари мактабдаги дарсларни кузатиб, уларга услубий кўрсатмалар бердилар. 39-умумтаълим мактабида ташкил этилган иккита интерфаол ўқув хоналари ташкил этилгани, ўқитувчилар орасида малакали ўқитувчиларнинг мавжудлиги ўқувчиларга сифатли таълим беришга асос бўлаётгани қайд этилди.

Ишчи гуруҳ вакиллари кун давомида Балиқчи тумани марказидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига ҳам ташриф буюрди. Ушбу мактабда ўқувчилар учун яратилган шароитларни ўргандилар. Мактабда туман миқёсидаги спорт фестивали ташкил этилган бўлиб, футбол, волейбол, бокс, шахмат ва шашка, кураш спорт турлари бўйича мактаб ўқувчилари ўртасида туман биринчилиги учун мусобақалар бўлиб ўтди. Шунингдек, бокс бўйича олимпиада чемпиони Мухаммадқодир Абдуллаев, жаҳон чемпионати совриндори Иқболжон Холдоров, кураш турлари бўйича жаҳон ва Осиё чемпионлари Жасурбек Содиқов, Илхомжон Машрабов, Зарнигор Урмонова, волейболчи қизлар жамоаси аъзолари ҳамда тажрибали мураббийлар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилди. Спорт байрами сўнггида мусобақалар ғолиблари эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Яна бир ташриф Балиқчи туманидаги 35-умумтаълим мактабига бўлди. Мактаб кутубхонасига QR-кодли китоблар тўпламини совға қилинди ва шундай тўпламлар вилоятнинг барча мактабларига тарқатилишини эълон қилинди. Шундан сўнг Андижон давлат университети Санъатшунослик факультети ўқитувчилари ва талабалари томонидан мактаб ўқувчилари учун маҳорат дарси ўтказилди, концерт дастури намойиш этилди.