Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги Болгария Фанлар Академияси билан ҳамкорликни йўлга қўяди

Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Азимжон Назаров Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Элёр Ғаниев бошчилигида София шаҳрида бўлиб ўтган иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Болгария-Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг бешинчи сессияси доирасида ҳукумат делегацияси таркибида иштирок этди.

Ташриф давомида Болгария илмий-техник ва бизнес доиралари вакиллари билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва илмий-техник соҳадаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш бўйича учрашувлар ва музокаралар ўтказилди.

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари А. Назаров Болгария фанлар Академияси (БАН) қошидаги қўшма инновация маркази директори Марин Пандев билан учрашди. Учрашув давомида  ҳар бир томон ўз қисми бўйича молиялаштириш режалаштирилган қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.  Шунингдек, ўзбек олимлари учун амалиёт курсларини ташкил этиш масаласи ҳам таклиф қилинди. БАН раҳбарияти ушбу йўналишда ҳамкорликни ўрнатишдан манфаатдор эканини изҳор этди. Ўз навбатида, бўлажак ҳаморлик натижасида  БАН қошидаги қўшма инновация маркази ва ЎзР Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ўртасида тажриба алмашиш фаоллашиши кутилмоқда.

Болгариянинг кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш агентлиги Ижрочи директори ўринбосари Яна Топалова билан музокаралар чоғида фикр алмашилди, инновацион экотизимни ривожлантириш ғоялари муҳокама қилинди. Таъкидлаш жоизки, Агентлик қошида Болгарияда илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолиятини рағбатлантириш учун масъул бўлган Болгария Миллий инновацион жамғармаси фаолият юритади. Томонлар Болгария миллий инновацион жамғармаси ҳамда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўртасида тажриба алмашиш ва қўшма илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

А.Назаров Агентлик раҳбариятини октябрь ойининг охирида бўладиган «INNOWEEK 2019» - инновацион ғоялар ҳафталигида иштирок этиш учун Тошкентга таклиф қилди.