Янгиликлар

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси илмий-инновацион ҳамкорликни янги босқичга кўтаришда кўмаклашади

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Фан ва илмий-техник тадқиқотларни ривожлантириш бошқармаси ходимларидан иборат делегацияси хизмат сафари дастурига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ҳиндистон Республикаси Фан ва технологиялар департаменти ўртасида “2019-2022 йилларда фан, технология ва инновация соҳасида ҳамкорлик дастури”ни имзолаш, “Ўзбекистон—Ҳиндистон” илмий-техник лойиҳалари танловини ўтказиш шартлари ва муддатлари, молиялаштириш, экспертиза қилиш тартибини келишиш, ёш олимларнинг илмий стажировкалари ва мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бориш билан бирга илмий-инновацион фаолият субъектлари – илмий марказлар, инновация ва технологиялар трансфери марказлари, технопарклар фаолияти ва тажрибасини ўрганиш мақсадида ташрифлар ташкил этилди.
 
Бунда Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистон Республикасидаги элчихонаси яқиндан ёрдам кўрсатди.
Ташриф давомида Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фарҳод Арзиев билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ҳиндистон Республикаси Фан ва технологиялар департаменти ўртасида имзоланган меморандум доирасида кўзда тутилган ишларни амалга оширишда ҳамкорлик қилиш, шунингдек Ҳиндистон Республикасининг илмий-инновацион фаолият субъектлари – илмий марказлар, инновация ва технологиялар трансфери марказлари, технопарклар билан инновацияларни яратишда изчил алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди ва Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистон Республикасидаги элчихонаси билан биргаликда амалга оширилиши режалаштирилган ишларнинг амалий механизмлари келишиб олинди.