Янгиликлар

Ҳиндистоннинг юқори рейтингга эга илмий журналларида ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг мақолалари чоп этилади

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташаббуси билан ёш олимларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Scopus ва Web of science базасига киритилган Ҳиндистон Республикасининг юқори рейтингга эга илмий журналларида илм-фан соҳасининг 5 та муҳим йўналиши бўйича ушбу журналларнинг махсус сонлари нашр этилади.
 
Ҳиндистон Республикаси Фан ва технологиялар вазирлиги кўмагида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Фан ва илмий-техник тадқиқотларни ривожлантириш бошқармаси ходимларидан иборат делегациясининг Scopus ва Web of science базасига киритилган Ҳиндистон Республикасининг юқори рейтингга эга илмий журналларининг муҳаррирлари билан учрашуви ташкил этилди.
 
Хусусан, National Institute of Science Communication and Information Resources - CSIR-NISCAIR фаолияти билан яқиндан танишиб, ушбу ташкилот томонидан нашр этиладиган Scopus ва Web of science базасига киритилган 20 дан ортиқ журналларда мамлакатимизнинг олим ва мутахассислари томонидан тайёрланган илмий мақолаларни чоп этиш масалалари муҳокама этилди.
Учрашув давомида Scopus ва Web of science базасига киритилган Ҳиндистон Республикасининг юқори рейтингга эга илмий журналларида илм-фан соҳасининг қуйидаги 5 та муҳим йўналиши — биотехнология, кимё, физика, математика, қишлоқ хўжалиги бўйича ушбу журналларнинг махсус сонларини нашр этишга келишиб олинди.
 
Нуфузли журналларнинг ушбу махсус сонларига киритиладиган илмий мақолалар бепул асосда мазкур журналлар томонидан таҳрир қилинади ва бошқа белгиланган талабларга мослаштирилади.