Янгиликлар

Ўзбекистон илм-фанининг жаҳон илмий ҳамжамиятига интеграцияси  

Жорий йилнинг 16 январь куни Амити Университетида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Springer Nature компанияси вакиллари иштирокида “Ўзбекистонда илм-фанни жаҳон илмий ҳамжамиятига интеграциялашувини таъминлашда кўмаклашувчи Springer Nature компаниясининг ахборот ресурслари” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Springer Nature компанияси ҳамкорлиги доирасида республикамиздаги олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларига компания журналлари тўпламидан бепул фойдаланиш имконияти 2019 йил 1 январдан бошлаб тақдим этилди.

Тадбирда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров, Амити Униврситети маъмурияти директори Бобур Абдуллаев, Springer Nature компанияси ҳудудий директори Шахин Гирай, Springer Nature компаниясининг Марказий Осиёдаги вакили Ирина Александрова сўзга чиқди.

- Олий таълим ва илм-фаннинг кучли рақобатбардош тизимини яратиш Ўзбекистон учун муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илм-фаннинг ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани илғор инновацион ишланмалар ва юқори технологияларни қўллаб-қувватлаш, илмий-амалий тадқиқотларнинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ўз навбатида Инновацион ривожланиш вазирлиги бу жараёнда илмий тадқиқотлар, юқори технологиялар ва инновацион ишланмалар сифатини ошириш, уларнинг натижаларини иқтисодиётга изчил жорий этишда иштирок этмоқда, - деди инновацион ривожланиш вазири ўринбосари А.Назаров.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикасининг илмий-инновацион салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, мамлакатимизда олиб борилаётган тадқиқотлар сифати ва самарадорлигини ошириш, шунингдек халқаро илмий нашрларда ўзбек муаллифлари томонидан нашрларнинг сони ва сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда Инновацион ривожланиш вазирлиги Springer Nature компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг 100 та ташкилоти учун Springer Journals Collection деб аталадиган илғор илмий журналлар тўпламидан фойдаланиш имкониятини берувчи лойиҳанинг бошлангани ҳақида маълумот берилди. Мазкур Springer журналлар тўплами  1997 йилдан ҳозирги кунгача бўлган даврда чоп этилган барча илмий йўналишлардаги 2200 тадан ошиқ журналларни ўз ичига олади. Бундан ташқари ушбу 100 та ташкилот лаборатор илмий тадқиқотларнинг 50 000 тадан ошиқ баённомаларини ўзида жамлаган Springer Protocols деб аталувчи илмий тадқиқотлар баённомалари базасига кириш имкониятига эга бўладилар.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон олимларига дунёнинг етакчи тадқиқот натижаларини акс эттирувчи бирламчи манбалардан, шунингдек, ўқув-маълумотнома адабиётларидан фойдаланиш имконинини таъминлашни ўз олдига мақсад қилган. Бу эса ўз навбатида олимларга мамлакатда олиб борилаётган барча тадқиқотларни чуқур таҳлил қилиш ва уларнинг сифатини ошириш имконини беради.

Springer Nature дунёдаги энг йирик ва энг қадимги илмий нашриётдан бири ҳисобланиб, 1842 йилдан бери мавжуд.

Бутун дунёдаги етакчи олимлар ва кўплаб Нобель мукофоти лауреатлари ўз мақолаларини Springer Nature да нашр этади. Нашриётнинг барча журналларидан иқтибослар келтирилиб, улар юқори илмий обрўга эга. 1842 йилдан бери, Springer Nature 3,500 дан ортиқ халқаро рейтингга кирувчи илмий журналлар, 250,000 дан ортиқ илмий китоблар чоп этди, барча тармоқ йўналишларида дунёдаги энг йирик маълумотлар базаларига эгалик қилади.

Бугунги кунда Springer Nature Ўзбекистондан мақола ва китоблар чоп этиш сони бўйича 1-рақамли ношир ҳисобланади. Ўзбекистон олимлари ҳар йили илм-фаннинг турли соҳаларида Springer Nature нашриётида 260 дан ортиқ мақолаларни чоп этадилар, бу эса Ўзбекистоннинг хориждаги барча нашрларнинг йилига 20% ни ташкил этади.