Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири Сурхондарё вилоятида ОТМ проректорлари билан учрашди

15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Термиз шаҳрида олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари билан учрашди.

И. Абдураҳмонов илмий-техник лойиҳаларнинг янгиланган грант тизими, лойиҳаларни шакллантириш мезонлари ҳақида сўзлади. Шунингдек, у республика иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётида мавжуд муаммо ва тўсиқларни ҳал этилишига қаратилган тадқиқотларни амалга ошириш бугунги олимлар олдига қўйилган энг муҳим вазифа эканини таъкидлади. Вазир бу йил докторантурага қабул жараёни шаффоф ўтиши учун қатор ишлар қилинаётгани, хусусан, докторантурага он-лайн тарзда ҳужжатлар топшириш шартлари тўғрисида маълумотлар берди. Бундан ташқари илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ва вазирлик ҳузуридаги Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолияти муҳокама қилинди.

Учрашув чоғида яқин кунларда қабул қилиниши кутилаётган “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Қонуннинг аҳамияти, у амалга тушганидан кейин вужудга келадиган имкониятлар ҳақида гапирилди. Хусусан, қонунда олий таълим муассасаларида илмий фаолият юритиш тартиби очиб берилгани алоҳида қайд этилди. Бунда олий таълим муассасаларида таълим жараёни билан бирга илмий фаолият ҳам юритилиши ва ушбу муассасаларнинг педагог кадрлари тегишли йўналишларда илмий фаолият билан шуғулланишлари шартлиги белгиланган. Қонун қабул қилиниши илмий ва илмий-техник фаолият соҳасидаги барча иштирокчиларнинг самарали ҳамкорлигини таъминлашга, илмий фаолият соҳасидаги ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий муносабатларни тўлиқ тартибга солишга хизмат қилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Ёшлар академияси фаолиятида фаол иштирок этиш зарурлиги тўғрисида ҳам топшириқлар берилди. Интилувчан, ташаббускор, салоҳиятли ёшларни мазкур академияга жалб қилиш, уларнинг илм-фан, ижод билан шуғулланишлари учун шароитлар яратиш зарурлиги қайд этилди.