Янгиликлар

Бошқарув инновациялари кунлари: давлат бошқарувида жадал инновациялар

15 октябрь куни Бизнес ва бошқарув республика олий мактабида Бошқарув инновациялари кунлари ўз ишини бошлади. Мазкур йилда бир бўладиган тадбир давлат бошқарувига инновацион ёндашувларни жорий этишга қаратилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби, БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ташкил этилган Бошқарув инновациялари кунларида давлат идоралари ва муассасалари мутасаддилари, илмий-тадқиқот марказлари мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
 
Сўнгги йилларда мамлакатимизда илм-фан ва инновациялар ривожланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимиз давлат ва жамиятнинг барча соҳаларини тубдан такомиллаштиришга қаратилган инновацион ривожланиш йўлини танлади. Шу ўринда инновацион экотизимни шакллантириш ва мамлакатнинг босқичма-босқич “билимлар иқтисодиётига” ўтказиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда Инновацион ривожланиш вазирлиги ва БМТ ТД билан ҳамкорликда ташкил этилган Инновациялар ва бошқарув ечимлари лабораторияси фаолияти ҳам Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ҳамда маъмурий ислоҳотлар доирасида давлат бошқарувини такомиллаштиришга ўз ҳиссасини қўшишга қаратилган бўлиб, шу кунга қадар лаборатория доирасида халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида турли хил маърифий, таҳлилий, илмий характерга эга тадбирлар ўтказилди.
 
Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров давлат ҳукумати тизимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси, жойларда Халқ қабулхоналарни, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқаётган Бош вазир қабулхонаси барча даражалардаги давлат бошқаруви органлари ҳамда фуқаролар ўртасида мулоқот ўрнатишнинг самарали тизимига айланди ва аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал этилишига хизмат қилиб келмоқда.
 
А. Назаров, шунингдек, давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш ва ислоҳ этиш, ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматлари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик ўрнатилганини қайд этди. Ҳамкорликнинг 17 та асосий йўналишлари бўйича, хусусан давлат хизматларини кўрсатиш, ҳукумат фаолиятини баҳолаш, инновацион давлат бошқаруви соҳаларида давлат хизматчиларини қайта тайёрлашга қаратилган ишлар фаол олиб борилмоқда.
 
Мазкур тадбир жаҳонда мавжуд инновацион ривожланиш ва давлат бошқарувининг замонавий механизмларини ўрганиш, шунингдек давлат бошқарувига инновацияларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилиш имконини беради.
БМТ тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска Бирлашган Миллатлар Ташкилоти номидан иккинчи Бошқарув инновациялар кунларининг очилиши муносабати билан қутлади.
 
– Бутун дунёда технологик ривожланиш билан бир қаторда инновацияларнинг татбиқ этилиши мамлакатлар иқтисодий ўсишига таъсир этувчи қудратли куч экани тан олинган. Технологиялар дунёда тинчлик ўрнатилишининг, адолат ҳукм суришининг бош мезонидир. Рақамли технологиялар давлат хизматларидан фойдаланишнинг сифати ва сонини оширади, давлат ташкилотларининг шаффофлигини таъминлайди. Бу ўз навбатида давлат секторининг янада самарали ишлашига сабаб бўлади, натижадорликни оширади.
 
Инновацион кунлар доирасида рақамли иқтисодиёт, блокчейн, катта маълумотлар, муомала услублари, ақлли шаҳар, рақамли хизматларни лойиҳалаштириш ҳамда бошқа мавзуларда БМТ ТД, БАА, Молдова, Хорватия, Жанубий Кореядан келган экспертлар, маҳаллий мутахассислар маърузалар ўқийдилар, семинар ва муҳокамалар ўтказадилар.
Бошқарув инновациялари кунлари ўз ишини давом эттирмоқда.