Янгиликлар

Ўзбекистонлик стартапчилар Тадбиркорлик бўйича жаҳон чемпионатининг финалига ўтди

Жиззахлик тадбиркорлар Илҳом Жўраев ва Миразим Турғунбоев Тадбиркорлик бўйича жаҳон чемпионати — Entrepreneurship World Cup финалига йўлланма олди. Саралаш босқичларида 187 мамлакатдан 102 938 нафар стартапчилар онлайн иштирок этган бўлиб, улардан финалгача 10 жамоа етиб борди. Мана шу 10 та стартапчилар ичида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам борлиги қувонарлидир. Энди улар жорий йилнинг 12 ноябрда Саудия Арабистонининг Эр-Риёд шаҳрида бўладиган Тадбиркорлик бўйича жаҳон чемпионатининг супер-финалида иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда миллий саралаш босқичи Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказилди. Бунда 130 дан ортиқ лойиҳалар келиб тушган бўлиб, улардан 13 та стартап лойиҳа миллий саралаш босқичининг финалига йўлланма олди. 30–31 май кунлари бўлиб ўтган “EWC-Tashkent 2019” семинари доирасида 13 та жамоа ўз ғоялари ва бизнес-режаларини эркин халқаро ва маҳаллий экспертлардан иборат жюри олдида тақдим этдилар. “Agroport Jizzakh” корхонаси таъсисчилари Илҳом Жўраев ва Миразим Турғунбоев Тадбиркорлик бўйича жаҳон чемпионати финалида иштирок этиш учун ғолибликни қўлга киритиб, Акселерация-2 босқичига ўтди.

6 ҳафта давомида GEN компанияси вакиллари бутун дунёдан танлаб олинган жамоаларга Онлайн-акселерация дастурини ўтказди. Дунёнинг турли бурчакларидаги жамоалар тренинглар давомида бизнес-режа тузиш, потенциал мижозлардан интервью олиш каби вазифаларни бажардилар. Онлайн акселерация GEN платформасида амалга оширилди.

Ўзбекистонлик тадбиркорлар ғўзапояга биотехнологик йўналишда ишлов бериб, қатор маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишмоқчи. Уларнинг айтишича, Ўзбекистонда йиллик ўртача 2-3 млн тонна пахта териб олинса, 6 млн. тоннага яқин ғўзапоя ортиб қолади. Ғўзапоя 80 % целлюлоза, 20 % лигниндан таркиб топган. Лигниндан 7 хил махсулот — ванилин, бинафшаранг альдигид, полифенаб, лактофильтрум, чорва учун “Экофильтрум” энтеросорбентива энг муҳими, чорва учун биоозуқа ишлаб чиқариш мумкин. Мазкур инновацион технология ёрдамида 80 % целлюлозани қайта ишлашга эришилади.

Финал ғолиблари 2019 йил 12 ноябрда Саудия Арабистонининг Эр-Риёд шаҳрида бўладиган Тадбиркорлик бўйича жаҳон чемпионатининг халқаро супер-финалида иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар.