Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Қашқадарёда сайёр қабул ўтказди

Жорий йилнинг 13-14 август кунлари вазир  ўринбосари Азимжон Назаров, бошқарма бошлиқлари Тўхтамурод Отақулов, Шуҳрат Отажанов, бўлим бошлиқлари Дилшод Мирзаев, Жаҳонгир Мусаев Қашқадарё вилоятида  хизмат сафарида бўлдилар.

Хизмат сафари давомида 14 август куни Қарши давлат университетида ташкил этилган лабораториялари билан танишилди. Шунингдек, вазир ўринбосари ва вазирлик ходимлари ҳудуддаги ОТМ ва ИТМларда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг презентациялари билан танишди.

Қарши давлат университетининг мажлислар залида ҳудуддаги фуқаролар, тадбиркорлар ва олимлар, ёш тадқиқотчилар билан сайёр қабул ўтказилди. 

Тадбир давомида А.Назаров Вазирлик фаолиятига оид маълумотларни ва келгусида амалга оширилиши белгиланаётган тадбирлар тўғрисида тушунтириш берди. Шунингдек, бошқарма бошлиғи Ш.Отажанов томонидан вазирлик томонидан давлат илмий техникавий дастурлар доирасида амалга оширилаётган ишлар, бевосита лойиҳаларни шакллантириш, эълон қилиш юзасидан белгиланган тартиб қоидалар бўйича батафсил маълумот бериб ўтди.

Тадбирда иштирок этган фуқаролар, тадбиркорлар ва олимлар, ёш татқиқотчилар томонидан саволлар берилиб, фикр мулоҳазалар билдирилди. Вазирлик томонидан мазкур фикр ва мулоҳазалар тўғрисидаги маълумотлар умумлаштириш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида вазирликнинг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлимига тақдим этилди.

Хизмат сафарининг иккинчи ярмида Вазирлик ходимлари Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Қашқадарё филиали фаолияти билан яқиндан танишишди. Институтда ташкил этилган лаборатория жиҳозлари, яратилган шарт-шароитлар ўрганилиб, олиб борилаётган илмий лойиҳаларнинг натижалари атрофлича кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, институт ходимлари билан суҳбат ўтказилиб, келгусида белгиланган режалар ва таклифлар юзасидан муҳокама ўтказилди. Институт ва вазирлик ўзаро ҳамкорликда ишлаши ва лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишиб олинди.